- Жамият, Ислоҳот, Қарор ва ижро   1 524

ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ

Коррупция – бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. У демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади. Инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади. Бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади. Ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради.

Мамлакатимизда мустақилликнинг илк йиллариданоқ коррупция муаммоси жамиятдаги ҳал этилиши лозим бўлган асосий вазифалардан бири сифатида эътироф этилиб келинади. Бироқ бугунги кунга қадар олиб борилган чора-тадбирлар ҳам коррупция ҳолатларини бартараф этиш учун етарли бўлмай келаётгани кундек равшан. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2020 йил 24 январдаги Ўзбекистон Респубикаси Олий Мажлисига йўллаган мурожаатномасида ҳам таъкидлаб ўтиб, эндиликда коррупцияга қарши курашувчи алоҳида агентлик ташкил этилишини эълон қилганликлари ҳам бежиз эмас, албатта.

Хўш, нега бизга коррупцияга қарши курашувчи алоҳида агентлик зарур? Нега бугунги кунга қадар амалга оширилган ишлар коррупция ҳолатларига барҳам бермади? Саволлар бисёр, жавобларни эса қидириш лозим.

Мазкур саволларга коррупцияга қарши курашда самарали натижаларга эришган хорижий давлатлар тажрибаларидан жавоб қидириш, уларнинг тажрибаларидан унумли фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

Бугун коррупцияга қарши курашда жаҳон мамлакатлари тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатадики, фақатгина жиноий жавобгарликни оғирлаштириш, коррупцияга йўл қўйган шахсларни жазолаш билан бу салбий иллатга қарши курашиб бўлмайди. Бу иллатни енгиш учун биринчи навбатда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, фуқаролик институтлари ўртасида жамоатчилик назоратини кучайтириш, давлат ва унинг органлари, корхона-муассаса ҳамда ташкилотларнинг очиқлигини таъминлаш муҳим
аҳамиятга эга.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, коррупцияга қарши курашда алоҳида олинган ҳолатлар билан эмас, балки масаланинг туб моҳияти, унга имкон берган шарт-шароитлар билан тизимли равишда изчил барча бирдек курашмас экан, коррупция жамият ҳаётида яшайверади. Шундай экан, коррупцияга қарши барча энг қуйи поғонадан энг юқорисигача бирдек курашмоғи лозим. Зеро, бу азиз Ватан барчамизники!

А.АБДУЖАЛИЛОВ,

ЖИБ туман суди девонхона мудири.