Ёзёвоннинг қадимий ва навқирон маҳаллаларидан бири Тошҳовузда илгари болалар боғчаси бўларди. Жамоа хўжалиги тасарруфидаги бу муассаса кейинчалик фаолият юритмай қолганди. Тошҳовузлик ота-оналар фарзандларини Ёзёвон, Беруний, Сойбўйидаги боғчаларга олиб боришарди. Лекин ҳамма ҳам бундай имкониятга эга эмасди.
Президент Шавкат Мирзиёев мактабгача таълимга алоҳида эътибор қаратди. Бунинг меваси бугун кўриняпти. Жумладан Тошҳовузда ҳам.
Тадбиркор Абдубанноб Каттабеков 1773 млн.сўм банк кредити, 200 млн сўмдан ошиқ ўз маблағи ҳисобидан Тошҳовузда давлат-шерикчилиги асосида замонавий 100 ўринли мактабгача таълим ташкилоти биноси барпо этди.
Янги йил арафасида фойдаланишга топширилган бу масканни очилишида туман ҳокими Й.Бойигитов, ҳоким ўринбосарлари, сектор раҳбарлари, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Бино очилишига бағишланган тантанада туман ҳокими бу маскан маҳалла фарзандларига узоқ йиллар хизмат қилишини, бу ерда тарбияланган кичкинтойлар эртага эл-юртга хизмат қилувчи кишилар бўлишини тилади. Ҳоким бинонинг рамзий калитини тадбиркор А.Каттабековга топширди.
Меҳмонлар бино билан танишдилар. Илгари бундай замонавий жиҳозланган болалар боғчасини шаҳарда ёки телевизорда кўрганмиз. Кичкинтойларни таълим-тарбия олишлари учун барча шароитлар бекаму кўст. Гуруҳларга кирар эканмиз, кўзлари ёниб турган кичкинтойлар ўзбек, рус, инглиз тилларида саломлашдилар. Бийрон тилларда шеърлар айтишди. Қорбобо ва қорқиз ҳам кичкинтойлар хурсандчилигига шерик бўлишга келишганди. Улар болалар билан рақсга тушиб яйрашди.
Тадбир якунида маҳалланинг бообрў инсони Усмоналихон Мўсаев юртга тинчлик, бу масканга барака тилаб, дуо қилди.