- Қарор ва ижро   1 355

ТУГАТИЛАЁТГАН ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИНИНГ ЕРГА ҚИЛГАН ХАРАЖАТИ ҚОПЛАНАДИ

Ҳукумат қарори (501-сон, 24.08.2020 й.) билан Тугатилаётган ёки мақбуллаштирилаётган фермер хўжалиги ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи бошқа субъектларга ажратилган ер майдонида сарфланган харажатлар қийматини ҳисоблаш ва қоплаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Низом билан ер майдонига сарфланган қайси турдаги харажатлар қоплаб берилиши белгиланди.

Жумладан, кўчатлар, манзарали дарахтлар, уларни парваришлаш, ҳудудни ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш мақсадида бажарилган агротехник тадбирлар учун қилинган харажатлар қоплаб берилади.

Қишлоқ хўжалиги ташкилоти ихтиёрийлик асосида тугатилаётганда ёки мақбуллаштирилаётганда ерга сарфланган харажатларни аниқлаш учун фермерлар баҳоловчи ташкилотга мурожаат қилади.

Тугатиш ёки мақбуллаштириш ҳокимлик томонидан амалга оширилса, туман ҳокимлиги баҳоловчига мурожаат қилади.

Баҳоловчи ташкилот сарфланган харажатларни аниқлаш учун тегишли мутахассисларни шартнома асосида жалб этиши мумкин.

Баҳолаш қишлоқ хўжалиги ташкилоти ташаббуси асосида амалга оширилганда, баҳолаш натижалари туман ҳокимлигига ҳисобот кўринишида тақдим қилинади агар, ҳокимлик ҳисоботдан норози бўлса ҳисоботнинг ишончлилиги юзасидан экспертиза ўтказилади.

Ҳисобот бўйича эътироз бўлмаса ер майдони танловга қўйилади ва талабгорлар қопланиши лозим бўлган харажатлар тўғрисида хабардор қилинади.

Талабгор танлов ғолиби деб эълон қилинган кундан бошлаб 10 кун ичида харажатларни тўлиқ тўлаши лозим.

Агар харажатларни қопламаса, ҳокимлик кейинги календарь кундан кечикмай ғолибдан кейин энг юқори балл тўплаган талабгорга харажатларни қоплаш тўғрисида таклиф юборади.

Ушбу талабгор 10 иш кунида харажатларни тўласа, у танлов ғолиби деб ҳисобланади ва унга ушбу ер расмийлаштирилади.

Агар харажатлар тўланмаса, танлов ўтказилмаган деб ҳисобланади ва ер майдони кейинги танловга такроран қўйилади.

А.СИДИҚОВ,

Ёзёвон туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси.