Президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида туман ҳокимлари томонидан кунлик қабуллар ташкилланиши ҳақида топшириқлар берилган эди.
1-касб-ҳунар мактабида туман ҳокимининг жисмоний ва юридик шахслар учун сайёр қабули бўлиб ўтди.
Қабулда туман ҳокими Дилшоджон Джалилов бошлиқ сектор раҳбарлари, Президент халқ қабулхонаси туман бўлими бошлиғи, жиноят ишлари бўйича туман суди раиси биргаликдаги сайёр қабулида ҳоким ўринбосарлари ҳамда фуқароларнинг мурожаатларига дахлдор давлат ҳамда жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этдилар.
Қабул давомида элликдан ортиқ фуқаролар томонидан “Темир”, “Аёллар”, “Ёшлар” дафтари билан боғлиқ бўлган масалалар, алимент ундириш, ички йўлларни таъмирлаш, шағаллаштириш, таянчлар ўрнатиш, суюлтирилган газ билан боғлиқ масалалар, имтиёзли кредит олиш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда кредит ажратиш, Фуқаролик ишлари бўйича суд қарорлари устидан шикоят, уй-жой билан таъминлаш, соғликни тиклашда тиббий ёрдам, моддий ёрдам ажратиш, ишга жойлашиш борасидаги мурожаатлар йўлланди.
“Мустаҳкам дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Лолахон Эргашеванинг алимент пулини ундириш, кўчасидаги нобоп таянчни алмаштириш борасидаги мурожаати МИБ ва ТЭТК масъулларига юклатилиб, ижросига бир ҳафта муддат берилди.
“Марказий Фарғона” МФЙ “Ойдин йўл” кўчасидаги фуқаро Муҳайё Солиеванинг МТТга ишга кириш масаласига шу ернинг ўзида ечим топилиб, МФЙ ҳудудидаги 24-МТТга ишга қабул қилиниши тўғрисидаги аризаси расмийлаштирилди.
“Юқори Сойбўйи” МФЙда яшовчи 1-гуруҳ ногиронлари Одилжон Умрзақов, Нурматов Отабек ва 3-гуруҳ ногирони Номонов Ботир сўзлари аввалида кўчасидаги йўл таъмирлаш ишларидан хурсанд бўлишиб, раҳбарларга миннатдорчилик билдиришди. Шунингдек, улар уй-жой кредитини тўлашда қийналиб қолганликларини айтишди. Уларнинг муаммолари ижобий ҳал бўладиган бўлди.
Туман ҳокими фуқароларнинг ҳар бир йўллаган мурожаатлари бўйича, мутасаддилар билан биргаликда батафсил, бирма-бир кўриб чиқди. Муаммоларга ечим топиш бўйича шу ернинг ўзида аниқ чора-тадбир белгиланди.
Сайёр қабул карантин қоидалари асосида бўлиб ўтди.
Раҳматилло ШОДМОНОВ.