Туман ҳокимининг 2019 йил 24 июлдаги фармойишида 2019 йил мобайнида таниқли юртдошимиз — адабиётшунос олим, таржимон, ёзувчи ва журналист Тўхтасин Жалоловнинг 110 йиллик юбилейини мактабгача таълим ташкилотлари, халқ таълими муассасалари, маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда кенг нишонлаш белгиланганди. Мусиқа мактабида бу мутафаккир инсон юбилейи муносабати билан ўтган илк тадбирда йил давомида жойларда Т.Жалоловга бағишланган бадиий кечалар, семинарлар, конференциялар ўтказиш ҳақида келишиб олинганди. Афсуски, мана йил тугаяпти ҳамки, ҳеч қаердан бирор садо йўқ. Маҳалла, ташкилот, корхонани қўятурайлик, илм маскани мактабларда бўлганимизда Ўзбекистоннинг улуғларидан бўлган шу инсонни ҳатто исмини ҳам айтиб беришолмайди. Ўқувчилар эса Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Беруний, Навоий, Бобурдан нарига ўтишолмайди. Нима, Ўзбекистон тарихи ўнинчи асргача холосми? Форслар, грек-македонлар, босқинчи араблар вайрон қилган тарихимиз, қадриятларимиз, илм-фанимиз, ёзувларимиз, уларни яратувчиси бўлган жафокаш халқимиз буюк эмасмиди? Ўша босқинчилар буюк тарихимизни бутунлай йўқотиб юбориш учун юзлаб йиллар уринишди. Биз агарда Тўхтасин Жалоловга ўхшаган буюкларимизни эсламасак, у ҳақида эртанги авлодга ёзиб қолдирмасак, оз бўлсада тарихимизга хиёнат қилган бўлмасмиканмиз?
Агар Риштон ёки қуваликларнинг шундай улуғи бўлганида аллақачон ҳайкалини ўрнатиб, номини абадийлаштиришга ҳам улгуришарди. 1999 йили Қоратепада Тўхтасин Жалолов музейини ташкил қилишга уринишлар бўлди. Эркин Воҳидов устози номини абадийлаштириш, унинг бюстини яратиш ва ўзи туғилган Қоратепа қишлоғи марказига ўрнатиш ҳақида таклифлар берганди.
Қоратепаликлар мард, танти, тадбиркор халқ. Ўзининг улуғ фарзандини яна-да улуғласа, менимча кам бўлмайди. Ўзбекнинг буюк ёзувчиси Ойбек айтганидай: “Тўхтасин Жалолов ҳаёти ҳақида романлар ёзса арзийди, у шунга лойиқ”. Адибнинг 90 йиллик юбилейида Эркин Воҳидов бир гапни айтганди: “Ҳиндлар буюк ёзувчилари Робиндранат Тагорнинг асарларини ўзбек тилига ўгириб, Ўзбекистонга танитгани учун Тўхтасин Жалолов номини доимо ҳурмат билан тилга олишаркан”. Бизда ўзини зиёлиман, деб юрганлар, ҳатто тил-адабиёт ўқитувчиларининг ҳам бу инсонни билмаслиги уят.
Телевидениеда журналист қизнинг республика халқ таълими вазири билан суҳбатини кўриб туриб, вазир ҳижолатчилик билан бўлса-да келтирган бир факт мени ҳайрон қолдирмади. Ўз соҳалари бўйича имтиҳондан ўтказилган педагогларнинг 67 фоизи қониқарсиз баҳо олган. Бу бугунги савиянинг ҳаққоний баҳосимикан? Тўхтасин Жалолов ҳақида шу кунгача ўнлаб адабиётчилар ўртасида сўров ўтказиб бирорта ҳам қониқарли жавоб ололмадик.
Афсус, фармойиш ҳам қоғозда қолиб кетмоқда!..
Исҳоқжон КАРИМОВ,
журналист.