- Жамият, Турфа олам   1 856

УЛУҒ ЗИЁРАТ

Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, ота-боболаримиз, момоларимиз орзулаган  Ҳаж ва Умра қилишга юртдошларимиз муяссар бўлмоқдалар.

Қуръони Каримдаги «Ва атимул хажжа вал умрата лиллах» – «Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун мукаммал адо этинг!» ояти (Базара сураси, 196-оят) га мувофиқ хар бир мусулмон Каъбага интилади. Расулуллох (с.а.в) «Алхажжу мактубун вал ҳумроту татаввуҳ» – «Ҳаж фарз қилинган, умра нафлдир», дея мархамат қилганлар.

Мана шу улуғ зиёратда, минглаб ватандошларимиз, дунё мусулмонлари қаторида биз ёзёвонлик 43 нафар фуқаро шу йилнинг 18-28 апрелғ кунлари бўлишга Аллох насиб этди Улар сафида Ёшлик МФЙдан 81 ёшли Ҳамид ота Арипов, Бахор МФЙдан 81 ёшли Ҳосиятхон она Халилова, Тараққиёт МФЙдан 80 ёшли Шокир ота Қодиров, Сувлиариқ МФЙ дан 81 ёшни қоралаган Айям ота Муртазаевдек муътабар ёшдаги отахон ва онахонларимиз ҳам бор. Шу билан бирга гуруҳимизда ёшлар ҳам кўпчиликни ташкил этди. Булар 34-39 ёшлардаги Эгамберди Абдубаннопов, Азизбек Абдиғофуров, Ҳусниддин Қўчқоров, Адҳамжон Маҳмудов, Аъзамжон Олимов, Илҳомжон Аҳмедов кабилар. Яхши томони, ёш йигитлар сафарга оталари ва оналарини ёнига кириб борганлар. Тошҳовузлик Азизбек 71 ёшга кирган, шу билан бирга кўзи ҳира кўраётган отаси Турғуналини хамда онаси Мукаррамхонни шундай чиройли зиёрат қилдириб, эъзозлаб юрдики, ҳамма уни дуо қилди. Улуғ зиёратга оилавий борганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Сойёни МФЙда яшовчи Муротали Исмоилов умра амалларини рафиқаси Зуҳрахон, уғли Ҳусниддин, келини Наргизахон билан бирга бажардиларки, бу ҳам таҳсинга лойиқ.

Гуруҳимиз раҳбаридан омад келди. Элликбошимиз – Қувасой шаҳар «Валиюллоҳ» жоме масжидига 27 йилдан буён имомлик қилаётган Нажмиддин ҳожи Мирзамиддинов бўлдилар. Нажмиддин ҳожи  домла 59 ёшга кирган, Бухоро Мир араб ўрта махсус Ислом билим юртинини тамомлаган, жуда билимдон, моҳир суҳбатдош, Ҳаж ва Умра зиёратлари бўйича ҳам катта тажрибага ва билимга эга бўлган хушмуомала инсон эканлар.

ЗАМ-ЗАМ ҚАДРИ

—Ҳаж ва Умра сафарига бориш, суюкли Пайғамбаримиз (с.а.в.) равзаларини зиёрат қилиш, Каъбаи Муаззамани тавоф этиш, шундай улуғ ибодат, ота-боболаримиз учун етишиб бўлмайдиган ёки бир-иккита борганлар учун ҳам жуда машаққатли йўл эдики, ҳозир бунинг қадрига етишимиз, шукрини адо қилишимиз керак, –деб ҳикоя қилганди гуруҳимиз раҳбари. – Буни мени ўзим болалик пайтимдаги бир унутилмас воқеа туфайли жуда яхши ҳис қиламан. Бир куни отамиз Салоҳиддин буво 3-4 маҳалладошлар билан трактор прицепига якандоз солиб, ўтириб бир узоқ манзилга кетдилар. Айтдиларки, фалон қишлоқда фалончи Ҳажга бориб келибди, шунинг зиёратига боряпмиз, деб.

Орадан анча вақт ўтиб, биз – кўчада ўйнаб юрган болаларни онамиз чақирдилар ва бет-қўлларимизни яхшилаб ювдилар. Кейин падари бузрукворимиз қошига олиб бордилар. Отамиз жуда ҳаяжонда эдилар, биз ҳеч қачон падаримизни бундай ҳолатда кўрмаган эдик. У ўнг қўлини кафтини кўтариб олган, бизни интиқлик билан кутарди. Биз келгач, Бисмиллаҳир роҳманир роҳимни айтиб, у отамиз дона-дона қилиб такрорлаётган дуони қайтариб, қўлининг кафтини ялашни буюрди. Биз – тўрт ўғил ва тўрт қиз камоли эҳтиром билан отамизнинг кафтини яладик. Шундан кейин отамиз, унга қўшилиб онамиз ҳам шундай ўкириб йиғладиларки, уларнинг овози ҳали-ҳали қулоғимда жаранглаб туради.

Кейин билишимизча, Каъбатуллоҳни тавоф қилиб келган ҳожи муборак зам-зам сувидан оз миқдорда олиб келишга муваффақ бўлган ҳамда зиёратга борган айрим яқин одамларнинг кафтига бир томчидан томизган. Падари бузрукворимиз ана шу зам-замнинг томчисини биз, фарзандларига ялатиб, илинган эканлар.

 

Умаржон ИСМОИЛОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.

(Давоми бор).