- Жамият, Ислоҳот, Маънавият, Туман янгиликлари, Турфа олам   500

УСТОЗ ШОГИРДЛАР ҲУЗУРИДА

2022 йил том маънода “Марказий Фарғона” газетаси йили бўлди, дейишга ҳақлимиз. Довруғи бутун мамлакатга таралган таҳририятга келувчи нуфузли меҳмонлар ҳайратини айтмайсизми?

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори Абдусаид Кўчимов Ўзбекистондаги энг шогирдлари кўп устоз журналистлардан саналади. Устоз бир пайтлар “Ленин учқуни”(ҳозирги,,Тонг юлдузи») газетасида бирга ишлаган шогирди, Ёзёвон туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари ва ҳокимлик газетаси муҳаррири Азимжон Худойқулов бош бўлган жамоага ташриф буюрди.

Устоз ҳақида:
Абдусаид Кўчимов 1951 йил 15 майда Самарқанд вилоятининг Ургут туманида туғилган.
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институти(ҳозирги университет)ни тамомлаган.
Устоз республикамиздаги иккита фахрий унвон соҳиби бўлган ягона инсон. У ,,Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист», ,,Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи» унвонлари соҳиби.
Меҳнат фаолияти давомида болалар ва ўсмирлар газетасида масъул котиб, бош муҳаррир, ,,Шарқ юлдузи» журналида масъул котиб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бўлим мудири, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси, ,,Тошкент» телерадиоканали бош директори, ,,Хабар» газетаси бош муҳаррири лавозимларида хизмат қилган.
2017 йилдан буён Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори лавозимида ишлаб келмоқда.
Ёзувчининг йигирмага яқин шеърий ва насрий китоблари чоп этилган.
,,Меҳнат шуҳрати» ордени, ,,Шуҳрат» медали билан тақдирланган.

Меҳмонни газета таҳририятида фахрий ижодкорлар Муҳаммадрасул Кимсанбоев, Малик Бойматов, Алишер Тошқулов, журналистлар қадрдони Тошҳовуз МФЙ раиси Исмоналихон Мўсаев таҳририят ходимлари билан бирга кутиб олдилар. Абдусаид Кўчимов барча билан қадрдонларча кўришиб, водийча гурунгни бошлаб юборди. Бош муҳаррир хонасида меҳмоннинг ўзи дуога қўл очиб, ижодкорларга шундай шароитларни яратиб берган туман ҳокимини, Ёзёвон равнақига ҳисса қўшаётган меҳнаткаш халқини, барча яхши ишлар бошида турган юрт раҳбарини дуо қилди.

Қисқа, лекин ажойиб суҳбатлар, эсдалик учун суратга тушишлардан сўнг Алишер Тошқулов меҳмонга “Тошҳовуз ва тошҳовузликлар” номли китобини, Исмоналихон Мўсаев ўз боғида етиштирган сара узумлардан ва Тоҳовуз бренди- гулқандни совға қилди.

Устоз журналист водийликларга хос меҳмоннавозликдан хурсанд эканини, агар вақти тиғиз бўлмаганида ёзёвонликлар билан гурунгни давом эттириш орзуси билан қайтаётганини изҳор қилди ва ,,Марказий Фарғона» газетаси таҳририяти кутубхонасига тўрт томлик сайланмасини совға қилди.

Маънавият ва маърифат маркази Фарғона вилоят бўлими раҳбари Масъуджон Сулаймонов, ЎзАнинг водий бўйича сураткаш мухбири Муқумжон Қодиров меҳмонга ҳамроҳлик қилдилар.

Ажойиб инсон, кўплаб журналистлар устози, етук шоир, серқирра ёзувчи, истеъдодли раҳбар Абдусаид Кўчимовнинг таҳририятга ташрифи Ёзёвон тарихига муҳрланди.

“Марказий Фарғона” мухбирлари.