- Жамият, Туман янгиликлари   1 250

ХАЛҚНИ РОЗИ ҚИЛИШ БОШ МАСАЛА

Президентимиз ўтказаётган ҳар бир видеоселектор йиғилишларида халқни рози қилиш ҳақида албатта таъкидлайди. Катта-кичик раҳбарлардан ҳам буни талаб қилади.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозаров шаҳар ва туманларда бўлиб, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ишлар билан танишганларида ҳам халқни рози қилишга асосий урғу беришини Ёзёвонга келганида гувоҳ бўлдик.

Вилоят ҳокими дастлаб Ёзёвон МФЙ ҳудудида қурилаётган кўп қаватли уйлар қурилиши жараёни билан танишди. Халқ тилида Янги массив номи билан аталувчи бу даҳада 4 та 24 хонадонли 4 қаватли уйлар қуриляпти.

Туман ҳокимининг ўринбосари А.Раҳмонов бу ерда ва Мустақиллик кўчасида қурилаётган кўп қаватли уйларни тақдимот қилди.

Вилоят раҳбари хонадонларни яшаш майдони, нархи билан қизиқди. Бу ерда 43 кв. м.ли хонадон 160 миллион сўм.

– Илгари бундай қурилишлар учун давлат маблағ ажратарди, – дейди вилоят ҳокими. – Эндиликда қурувчилар ўз маблағи ҳисобидан қуряпти. Шундай экан, уйларни кўп қуриб, кўп фойда олиш керак. Бундай буён фақат кўп қаватли уйлар қурилади.

Шундан сўнг вилоят ҳокими шу маҳаллада “Универсал қурилиш-2017” МЧЖ томонидан давлат шерикчилик асосида қурилган мактабгача таълим ташкилотининг 150 ўринли биносининг очилиш маросимида қатнашди. Тадбир аввалида маҳалла оқсоқоллари дуо қилишди.

Вилоят ҳокими сўз олиб, бундай мактабгача таълим ташкилотлари биноларининг қурилиши Президентимиз томонидан ёш авлод таълим-тарбиясига қаратилган эътибор самараси эканини айтди.

Туман мактабгача таълим бўлими мудири Х.Саримсақова МТТлар қурилиши, ташкилотларга болаларни жалб қилиш бўйича тақдимот қилди.

– 2017 йилда туманда 20 та боқча бўлиб, 3-7 яшар болаларнинг 28,7 фоизи қамраб олинганди, холос – дейди МТБ мудири. – Мана 2020 йилга келиб, 87 та. Уларнинг 24 таси давлат, 63 таси нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари бўлиб, қамров 72,6 фоиз ёки 6786 нафарни ташкил қилади. 2021 йилда мактабгача таълим ташкилотлари 102 тага етиб, қамровни 80,5 фоизга етказамиз.

Имтиёзли кредит маблағи 1974 млн. тадбиркорнинг ўз маблағидан 650 млн. сўм сарфланиб, майдони 1600 кв.м. қуввати 150 ўринли бўлган бу бино билан танишган вилоят ҳокими тадбиркорнинг ишларига ривож тилади.

Вилоят ҳокими Тошҳовуз МФЙдаги 2,3 гектар майдондаги кичик саноат зонасида лойиҳалар билан танишув жараёнида тадбиркорларга ҳеч бир тендерсиз ер ажратиш, қурилиш ишларини тезлатишига эътибор қаратди. Бу ерда 12 нафар тадбиркорлар ўз лойиҳаларини тақдимот қилди. Бу саноат зонаси тўлиқ ишга тушгач, 200 нафар фуқаро доимий ишли бўлади.

Кичик саноат зонасига қўшни “Ёзёвон текстил” МЧЖда 100 нафар хотин-қизлар иш билан таъминланган. Вилоят ҳокими бу ерда бўлиб, ишлар билан танишди, тикувчи қизлар билан самимий суҳбатлашди.

Ёзёвон туманини кесиб ўтувчи А-373 – Буюк Ипак йўли бўйида 2021-2022 йилларда хизмат кўрсатиш соҳасида 118 та умумий қиймати 169 млрд. 900 млн. сўмга 26 та автомобиларга техник хизмат кўрсатиш, 69 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш, 1 логистика маркази лойиҳалари амалга оширишни кўзда тутилган. Лойиҳалар амалга ошгач 724 та иш ўрни яратилиб, бюджетга 25 млрд. 500 млн. сўм тушум бўлади.

Вилоят раҳбари Буюк ипак йўли бўйида ҳамда “Гулистон” кичик саноат зонасидаги лойиҳалар билан танишар экан:

– Бу халқаро йўлдан кўплаб чет эллик сайёҳлар ҳам ўтади, – деди. Шунинг учун ҳар бир қурилаётган бино ва иншоотлар жаҳон андозаларига мос келишини, қурилган ҳар бир мажмуа ўтган-кетганни жалб қиладиган бўлиши керак. Токи ўтган йўловчи ҳавас қилиб тўҳтасин.

Анъанага кўра, вилоят ҳокими билан ёзёвонлик ёшлар вакиллари билан учрашуви “Тадбиркорлар уйи”да ўтди. 100 га яқин вакиллар иштирок этган “Ҳоким ва ёшлар” учрашувида тадбиркорлик учун кредит, ер, бино, ишга жойлаштириш масалалари кўтарилди. Бу масалаларга ечимни мутасаддиларга топширилди.

Футбол бўйича Осиё чемпиони Абдужамол Исроиловнинг ёшларни шуғулланишлари учун ёпиқ спорт мажмуаси қурилиши ҳақида сўрови ҳам эътиборга олинди.

Марказий машина-трактор паркида вилоят ҳокими чопиқ тракторларини кўздан кечириб, зарур маслаҳатлар берди.

– Пахтачиликда асосий ролни механизатор ўйнайди, – деди вилоят ҳокими. – Чунки у ернинг ҳар бурчагига, ҳар қаторига кириб чиқади, ҳолатни кўради. Шунинг учун уларга шароитни яратиб бериш зарур.

Илғор механизаторларга совға ва пул мукофотлари вилоят ҳокими иштирокида топширилди.

Айтиш керакки, вилоят ҳокими Хайрулло Бозаровнинг Ёзёвон туманига ташрифи юртдошларимиз учун ҳар томонлама фойдали ва самарали бўлди.

ЁЗЁВОН ТУМАНИ ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ