Кейинги уч-тўрт йил ичида барча соҳалар каби тиббиётда ҳам кенг ислоҳотлар олиб борилмоқда. Тиббиёт масканлари энг замонавий тиббий анжомлар билан бойиди. Шифокорлар хориждаги ҳамкасблари билан тажриба алмашиб, даволаш мураккаб бўлган касалликларни ҳам даволамоқдалар. Булар Президентимиз ва ҳукуматимизнинг соҳамизга бўлган эътиборлари самарасидир.
Мен туман тиббиётига масъул шахс сифатида Президентимизнинг Олий Мажлисга мурожаатини тинглаб, жуда қувондим. Мурожаатда юртимиз раҳбари барча соҳалар каби тиббиётга ҳам алоҳида тўхталиб, ҳали соҳани ривожлантириш учун ислоҳотлар давом этаётганини таъкидлар экан, биз учун, жумладан халқимиз учун ҳам жуда маъқул гапни айтиб ўтди. Шу кунгача энг олис жойлардаги муассасаларимизда ходимларнинг бориб ишлашлари учун шароит етарли эмасди. Эндиликда чекка ҳудудга бориб ишловчи шифокорга ҳам моддий, ҳам ижтимоий ёрдам таъминланиши ўша жойда яшайдиган аҳоли саломатлигини сақлашда жуда асқотади. Шунингдек, корхона, ташкилот, маҳаллаларда саломатлик тадбирлари ўтказиш орқали халқимиз соғлиги мустаҳкамланиши, мамлакатимиз ривожи учун ҳам хизмат қилади.