- Жамият, Турфа олам   1 337

ЦИТРУС ИНЛИ КУЯСИГА ҚАРШИ КУРАШ ЧОРАЛАРИ

Цитрус инли куяси олигофаг ҳашарот бўлиб, цитрус ўсимликларига катта зарар келтиради. Цитрус инли куяси лимон ўсимлигининг хавфли кушандаси ҳисобланади. Шу билан бир қаторда у мандарин ва грейпфрут ўсимлигида ривожланиши аниқланган.

Цитрус инли куясининг ривожланишига об-ҳавонинг аҳамияти жуда катта ўрин тутади. Цитрус инли куясини июнь-июль ойларида лимонзорларда кўплаб учратиш мумкин. Улар лимон баргининг остки томонига жойлашиб, кеч кузга қадар зарар келтиради.

Урғочилар тухумини куртакка  ёки ўсимликларнинг ўсиш нуқтасига, баргларнинг тепа қисмига 200 тагача қўяди. Эмбрионал ривожланиши 10 кун давом этади. Личинкалар барг ичига кириб олиб, 10-20 кун давомида ривожланади. Личинкалар ёш барглар орасида илон изи каби уялар ҳосил қилиб, барг паренхимаси билан озиқланиши натижасида барг буришади ва қурийди. Одатда битта баргда битта уя бўлади, кучли зарарланганда 2 ёки 3 та ундан ортиқ ҳам бўлиши мумкин. Қаршиликларга учраши билан личинка бошқа баргга ўтади. Зараркунанда бир йилда 6-7 та баъзан 10 та авлод беради.

Мазкур зараркунандага қарши кураш чоралари ҳашарот тарқалган кўчатларга барча ёшдаги қуртларга қарши 10 литр сувга энтовант 15 гр, индоксамектин 30 гр, протект 25 гр, вертимек хамда бошқа турдаги таъсир этувчи моддаларни қўллаш тавсия этилади. Бундан ташқари, зарарланган майдонлардан ўсимлик қисмлари, қўчатлари, қолдиқларини зарарланмаган майдонларга олиб ўтмаслик зараркунанда тарқалишини олдини олишда муҳим рол тутади. Шунингдек,  лимон етиштирадиган майдонларда ушбу зараркунанда ҳамда унинг личинкаларининг пайдо бўлишини олдини олиш мақсадида Фарғона вилояти Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ходимлари билан доимо маълумот алмашинувини йўлга қўйиш ва керакли  кўрсатма ҳамда тушунчаларга эга бўлиб бориш тавсия этилади.

Р.АБДУБАННОПОВ,

Фарғона вилояти Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси агроном инспектори.