- Жамият, Турфа олам   1 635

ШОҲИМАРДОНДА КУЗ

ёҳуд болаликка қайтиш

Йигирма йил деганда мана қирғиз оғалар билан давлатлараро яна борди келдилар қайта йўлга қўйилгани боис саломатлигимни тиклаш учун Шоҳимардондаги сиҳатгоҳга бордим. Илгари ёз ойларида дам олишга борар эдим. Бу сафар тарки одат қилиб беморлигим боис октябрь ўртасида Шохимардонга келдим. Биласизми? Шоҳимардонда куз фаслини кўрмабсиз дунёга келмабсиз, десам ҳеч бўрттириш бўлмайди. Ҳазрат Алини ғоибона қўним топган тепаликдан пастга қарасангиз олтиндай сап-сариқ, қизғиш рангларга бурканган мевали, манзарали дарахтлар барглари ичида сўлим Шоҳимардон қишлоғи саломга чиққан янги келинчакдай таъвозеда. Тўрт томонда эса – сервиқор тоғлар гўёки сингилларини қўриқлаётган инилардек мангу посбонлар. Муздай, юмшоқ ёқимли ҳаводан кўкрагимни тўлдириб  тўйиб нафас олиб, юрагим хапқириб кетди ва беихтиёр, «салом ёшлигимизни гўзал онларига шоҳид бўлган гўша, мана яна сени соғиниб келдим», деб баралла айтдим. Тўғриси даволаниш баҳонасида ички бир нидо билан Шоҳимардонга болалигимни, ёшлигимни беғубор пайтларимни соғиниб ахтариб келдим. Биринчи бор азизлар қўним топган ерга онажоним меҳнат қилган 2-бригада аьзолари билан йиғим-терим олдидан мархум Хасан тоға, Эргаш тоғамлар бошчилигида элликдан ортиқ   аёллар  болалари билан олиб келиниб, қўйлар сўйилиб меҳмон қилинар, сой бўйида томошалар кўриб, мириқиб ҳордиқ чиқаришгандан сўнг пахта теримига тушиш одат бўлиб қолган эди. Ҳов  анови бозор растаси орқасидаги хонадонга қозон товоқ, ўтинларни прицепдан тушириб катта ёшдаги эркаклар овқатга уннаганлари, ҳаттоки ўйинчоқлар  дўконидан харид қилинган тўппонча чаққан лента қоғозли ўқи ҳиди димоғимга келди. Дорбозлар, масхарабозлар, полвонлар  улар кўрсатган томошалар болалигимда  Шоҳимардонда   кўрган биринчи мўжизаларим эди. Марказдаги халқ сайллари, турли хил томошалар ўтадиган майдонга тикилган баланд дор остига айлана қўйилган скамейкада ўтириб, етмишинчи йиллардаги эгнига нейлон кўйлак, пойчаси кенг клёш шим кийган тўпори ўртоқларимни ва ёқали оддий чит, штампелдан кўйлак кийган иболи, ҳаёли синфдош қизларимиз хаёлимдан бирма-бир ўтдилар. Ҳамза Ҳакимзода музейига олиб борадиган зина пиллапояларидан оҳиста чиқиб боряпману зина четига ўрнатилган панжарадан бу дунёни эрта тарк этган йигит-қизларимизни қўл изларини ахтараман. Кўксув бўйига келиб атайин телефонга ёздириб олинган Шералини, «умр ўтмоқдадир дарё мисоли» қўшиғини эшитиб хотиралар бир бир жонланади. Кечагидек эсимда мактабдалик пайтимизда юқори синфларни далага пахта яганасига олиб чиқилар, ишлаб топган пулимизни жамлаб синф раҳбаримиз мархум Мўнисхон опамиз ўқувчиларига  водий бўйлаб саёҳат уюштирар, аксар сафарларимиз, албатта  Шохимардонга   бўларди. Раҳматли опамиз синфимиздаги ҳар бир болага ўз боласидай меҳр берардилар. Ўз ўрнида биз ҳам опамизни жон дилдан яхши кўрардик. У киши ўқувчилардаги қобилиятни мақтаб кўкка кўтариб юзага чиқарар эдилар. Агар дарсларни ўзлаштирмасак, хатто биздан аразлаб йиғлардилар. Биз тезда дарсларни қилиб, аълочилар сафига етиб олиб, устозимизни хурсанд қилишга интилар эдик. Сафарларга чиққанимизда синфдош қизларимизни ёнидан жилдирмай бирга олиб юришлари, қизларга тегажоғлик қилган шўх йигитларимизга танбеҳ бериб, койишлари ҳамма-ҳаммаси мана шу азим қишлоқда худди кечагина бўлиб ўтгандек. Эсимда Одилхон, Аҳат, Турсун Кўли Қуббонга етгунча рубоб, доира чалиб ашула айтиб, Азим мен яна бошқа ўртоқларимиз галма-гал яланг оёқ ўйинга тушиб борганимиз хаёлимдан ўтди. Кўл Қуббон йўлига термулиб юрагим алланечук увишди. Ҳозир ўша жўмард йигитлар қирқ кокилли барчин қизларимиз невара-чеварали бобо ва момоларга айланган. Начора ҳаёт диалектикаси шундай яратилган. Ўзим даволанишга келган бўлсамда, вақт топилди, дегунча Шоҳимардон бўйлаб айлангани чиқаман. Якшанба кунлари дам олиш бўлганлиги учун муолажалар бўлмайди. Шундан фойдаланиб, Лочин полвон юрти Ёрдон қишлоғига  ўйнаб кетган ёшликдаги йўлларимда ёлғиз ўзим юраман. Меҳрибон устозим марҳум Мўнисхон опамиз, эрта кетган дўстларим Иброҳим, Абдусаттор, Абдураҳимни ўйлаб, кўзимга ёш келди. Илоҳим охиратлари обод бўлсин!

 Ёрдон қишлоғи йўлида 3-синфда ўқийдиган Рухшонани гапга тутдим. Бу қақажон қизча қишлоқ атрофини ўраб турган сервиқор  тоғлар номини бирма-бир айтиб бериши мени хайратга солди. Ёрдон қишлоғига кириб боришда ўнг томонда чўзилиб кетган тизма Қизилтоғ экан. Дарвоқе қишлоқни бош кўчаси хам шу тоғ номи билан аталар экан. Йўлни чап тарафида эса Қуруққўл, Сўппонтош, ундан нарида елкасини қор қоплаган Чўрғон ва Оқсой тоғлари виқор билан асрлардан гувоҳлик бериб турибдилар. Азизлар макони  бўлган  Ёрдон қишлоғини бошида эса осмон билан бирлашиб кетган Хўжин ва Олмалиқ тоғлари навбатдаги сайёҳини ўзини тоза ҳавоси билан меҳмонга чорламоқда. Мен шу тўққиз ёшли қизалоқни нечоғли ўз қишлоғининг билиши ва улар ҳақида дона-дона қилиб сўзлаб берганда, шу мурғак қалб эгаси яшаб турган маконини, ватанини нақадар ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмас даражада севиши биз катталарга таьбир жоиз бўлса ибрат бўлгидек. Азим Шоҳимардонни шу кичик қишлоғида октябрда ҳамма фасл мужассам бўлар экан. Юқоридаги қизғиш оқ тоғ устида қор, қуйироқда кўм-кўк арчазор ундан пастроқда боғ-роғдаги дарахт барглари олтиндай товланиб, мевалари шоҳини букиб турган қизил олмадан узиб, Қизилтоғ пойидаги сойда чайиб тарсиллатиб еганимда Дубайдаги беш юлдузли осмонўпар меҳмонхонадаги ўзини бахтли хис қилган сайёҳга ердаги жаннатмакон Шоҳимардонни билмаслигига шоир айтгандек, раҳмим келди. Ёрдон қишлоғидан сиҳатгохга қайтар эканман покиза гўша тиллоларга топилмайдиган мусаффо ҳаволари тоғ олчаю, дўлана, наъматаклар турли туман зиравор ҳидларига ўранган макон Шоҳимардонга фасл танламай келишни таклиф этаман. Катта ёшдагилар ёшлиги билан учрашиб ёшаради ёшлар эса дард кўрмай ўтади. Чунки Фарғонанинг Шохимардони дунёда битта!

Айниқса, кейинги пайтда вилоят раҳбарияти томонидан бу гўшага эътибордан шоҳимардонликларнинг розилигини уларнинг юз-кўзларидан кўриш мумкин.                                   

А ЭҲСОНОВ,

Қўрғонча Мфй раиси.

туман кенгаши депутати.