- Туман янгиликлари   1 483

ШУКРОНАЛИК БИЛАН ЯШАЁТГАНЛАР

Қорасой Чўлигулистон, Тараққиёт маҳаллаларига нисбатан навқирон, аҳолиси шаҳарга орзуманд бўлмаган, асосан чорвачилик, деҳқончиликка меҳр қўйган маҳалла ҳисобланади. Ҳудудда 2989 нафар аҳоли истиқомат қилади. Бугунги кунда 200 та хонадон иссиқхоналарда лимон етиштириш билан шуғулланади. Шулардан 168 хонадон эгалари кўп йиллик тажрибага эга бўлиб, лимондан яхшигина даромад олишади.

 —Зулфия опа Қурбонова маҳаллада биринчи бўлиб лимонзор ташкил қилганлардан,— дейди маҳалла раисининг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари Барчиной Хомидова. — У ўтган мавсумда иккита 4 сотихли лимонзордан 30 миллион сўм даромад қилди. Бизда меҳнатлари орқали учтадан— “Малибу”, “Каптива”, “Спарк” машиналарига эга оилалар ҳам бор. Ўзи маҳаллада томорқадан даромад олмайдиган хонадон йўқ ҳисоб. 5 та кам таъминланган оила бор. Уларга доимо ёрдам бериб турамиз. Манави пандемия даврида Аброржон Солиев, Зафаржон Хасанов, Дилшоджон Маҳмудов, Норали Норматов каби саховатли инсонлар эҳтиёжманд оилалардан ёрдамларини аямаётирлар.

 —Биз туманда пандемияга қарши карантин бошланган дастлабки кунлари анча ҳадикда эдик, — дейди оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича раис ўринбосари Оқилахон Содиқова. —Ўша кунлари тиним бўлмади. Одамлар ваҳимага тушмасин, деб ҳар бир хонадон билан ишладик. Аҳолимиз тушунган, меҳр-оқибатли эканини шу кунлари намоён қилди. Масалан, хайит байрами арафасида ўнлаб хонадонларда мол-қўйлар сўйилиб, қўни-қўшни, маҳаллага тарқатилди. Биласизми, одамларда меҳнат қилиб, яхши яшаш учун интилиш иштиёқи пайдо бўлди. Ғўра ғўрани кўриб олаяди, деганларидек, одамлар бир-биридан чиройли яшашни ўрганяпти. Маҳаллада кўпчилик танийдиган шифокор Бахтиёр Ёқубов оиласини ҳамма ҳавас қилади. Турмуш ўртоғи Муҳаррамхон 22-мактабда ишлайди. Фарзандлари тарбияли, ўқимишли. Ишдан, ўқишдан ортиб иккита иссиқхонада меҳнат қилишади. Мухтор ота Содиқов вилоятда биринчи бўлиб иссиқхонада узумдан эртаги ва мўл ҳосил олиш хадисини олган миришкор боғбон. Бу каби миришкор оилалар маҳаллада талайгина. Хуллас ҳамма тирикчилик билан бандлиги учун мана уч йилдирки, жиноятчилик йўқ. Оилавий ажримлар йўқ. Тўй-маросимларнинг ихчам бўлиб қолгани одамларга маъқул бўлди. Пандемия шароитида ўтаётган тўйларни кейинчалик ҳам давом эттириш ҳақида аҳоли фикрларини ўрганяпмиз. Деярли барча ижобий фикр билдиряпти.

 Маҳалла ҳудудини кезиб, ҳақиқатан ҳам одамларда яхши яшашга иштиёқ катталигини кўрдик. Маҳалла раиси Замирахон Хўжаева таъбири билан айтганда, бош максад ҳудудда камбағалликка барҳам бериш. Президентимизнинг халқимиз фаровон яшаши учун қилаётган саъй-ҳаракатлари ўз самарасини бераётганига қорасойликлар турмуш тарзини ўрганиш давомида гувоҳ бўлдик.

Исҳоқжон КАРИМОВ.