- Жамият, Туман янгиликлари, Қарор ва ижро   1 038

“ЮҚОРИ СОЙБЎЙИ” ВА “БАҲОР” МФЙЛАРДА САЙЁР СУД

Туманда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши кураш ва уларнинг олдини олиш бўйича ҳокимият, ички ишлар бўлими, прокуратура, суд ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда қатор профилактик тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Ўтказилаётган профилактик тадбирларнинг самарасини ошириш, содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш ҳамда келгусида олдини олиш, фуқароларнинг хуқуқий маданиятини ошириш мақсадида махалла фуқаролар йиғинларида сайёр судлар ўтказилиб келинмоқда.

“Юқори Сойбўйи” ҳамда “Баҳор” маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр суд ўтказилиб, суд томонидан ички ишлар бўлими, йўл ҳаракати хавфсизлиги, Давлат солиқ инспекцияси, прокуратура, мажбурий ижро бўлими томонидан аниқланган маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича тўпланган хужжатлар асосида 77 та маъмурий иш кўриб чиқилди. Ушбу маъмурий ишларда жами 92 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди. Маъмурий ишларни судда кўриш даврида майда безорилик, ички ишлар ходими қонуний талабини бажармаслик, жамоат жойида спиртли ичимлик истеъмол қилиш, қасддан енгил шикаст етказиш, ҳақорат, тухмат, маъмурий назорат қоидасини бузиш, диний таълимотдан сабоқ бериш қоидасини бузиш, маст ҳолда транспорт воситаси бошқариш, алимент тўлашдан бўйин товлаш ва бошқа шу каби ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича ҳар бир содир этилган ҳуқуқбузарликка томонларнинг берган кўрсатмалари, ҳуқуқбузарларнинг қилмишидан пушаймонлиги, жамоатчилик фикри ва бошқа ҳолатларни эътиборга олган ҳолда, суд томонидан жазо чоралари қўлланилиб, қонун устуворлиги таъминланди. 10 нафар шахсга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланиб, 9 нафар шахс транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса, қолган шахсларга қонунда белгиланган санкция миқдорида жарима жазолари ва огоҳлантиришлар эълон қилинди.

          Жумладан фуқаро М.Ғ. маст ҳолда жамоат жойида бақир-чақир қилиб, уятли сўзлар билан сўкинганлиги ва фуқаролар тинчлик-осойишталигини бузганлиги сабабли, унга нисбатан Ўз.Р.МЖтКнинг 183-моддасига асосан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

       Шунингдек, пайшанба профилактика куни муносабати билан тумандаги 4 та сектор раҳбарлари томонидан фуқаролар ўртасида тарғибот ва ташвиқот ишлари амалга оширилиб, ҳар бир содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари омма олдида муҳокама қилинди. 

Р.АРАПОВ,

Жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман суди раиси.

Ў.УМАРОВ,

Ёзёвон тумани ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикасини мувофиқлаштириш бўлинмаси бошлиғи, майор.