- Жамият, Ислоҳот, Қарор ва ижро   619

ЯНГИЛАНАЁТГАН КОНСТИТУЦИЯ ЖАМИЯТИМИЗНИНГ ЯНАДА РАВНАҚ ТОПИШИГА ЗАМИН ЯРАТАДИ

Маълумки, сўнгги йилларда жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар юз бермоқда. Йилдан-йилга халқимизнинг ижтимоий ҳаёти яхшиланиб, иқтисодий эркинликлари кенгаймоқда ҳамда хусусий мулк  тушунчалари янада эркинлаштирилиб, бу борада унинг ҳимоя тизими мустаҳкамланиб борилмоқда.

Бундан ташқари, жамиятимиз муҳим ижтимоий-сиёсий ҳаёти ҳисобланган қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти такомиллашиб, бу йўналишда ҳам демократик ўзгаришлар билан биргаликда ҳалқимизнинг ҳуқуқий онги ва турли қарашларида ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда ҳамда давлатимиз фаолияти устидан халқ назорати тобора кучайиб бормоқда.

Ўсиб-улғайиб бораётган ёш авлодга имкониятлар яратилиб, ушбу имкониятларни янада кенгайтириш ва такомиллаштириш, шунингдек кейинги авлодга кучли, ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий замин яратиш эҳтиёжи туғилмоқда.

Бугунги тобора ўзгариб бораётган муҳитга мувофиқ равишда амалдаги қонунчилик ҳужжатлари ва энг аввало асосий Қомусимиз ҳисобланган Конституция ҳам янги замон талабларига мослаштирилиши, такомиллаштирилиши – бу давр талабидир!   

Давлатимиз ўз олдига қўйган истиқболдаги режаларни амалга ошириш, хусусан, Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида ўз аксини топган халқпарвар давлатни барпо этиш йўлидаги муҳим вазифаларни амалга ошириш учун, янги конституциявий устун ва макон бўлиши лозимлиги барчага аён. Конституция бугунги реал воқеликка мос бўлсагина, у шиддат билан олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси бўла олади.

Шунинг учун ҳам юртимизда Конституциявий ислоҳотлар олиб борилиб, бу борада махсус Конституциявий комиссия тузилди ҳамда бевосита жамиятимизнинг таклифлари асосида “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси тайёрланди. Конституциявий лойиҳа устида бевосита халқимиз, жамоатчилигимиз, депутатларимиз, олимларимиз таклифлари асосида қизғин ишлар олиб борилди.

Таъкидлаш жоизки, Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича муҳокамаларда олимлар, ёшлар, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институти вакиллари, хориждаги ватандошларимиз, умуман Ватанимиз тақдирига бефарқ бўлмаган юртдошларимиз катта қизиқиш билан иштирок этиб, ўз таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Лойиҳа юзасидан аҳолидан 220 мингдан зиёд таклифлар келиб тушганлигини ўзи ҳам ушбу Асосий Қомусимиз бўйича ислоҳотлардан халқимиз катта ўзгаришлардан умид қилаётганлигини кўрсатмоқда.

Ватандошларимиздан тушган таклифларда асосий эътибор инсон ҳуқуқларини таъминлаш, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, таълим ва илм-фан соҳаларини тараққий эттириш, хусусий мулк дахлсизлигини янада мустаҳкамлаш, фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатларини аниқлаштириш билан боғлиқ масалаларга устувор аҳамият қаратилган.

Шунингдек, хорижий мутахассислар билан Конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти юзасидан, хусусан, АҚШ, Буюк Британия, Швейцария, Польша, Япония, Корея, Ҳиндистон каби давлатлар сиёсий доира вакиллари ва етакчи экспертлар ҳам ўз таклифларини билдиришди.

Айтиш жоизки, 2022 йил 24 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида сиёсий партиялар фракциялари томонидан Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатларини аниқлаштириш ва ижтимоий давлат принципларини рўёбга чиқаришнинг конституциявий механизмларини янада кучайтириш таклифи ҳамда жорий йилнинг 6 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти иштирокида Олий Мажлис палаталари ва суд органлари раҳбарлари, сиёсий партиялар етакчилари билан очиқ мулоқот давомида берилган қатор таклифлар ҳам Янгиланаётган Конституциямиз лойиҳасида ўз аксини топди. 

Тайёрланган Конституциявий қонун лойиҳаси билан амалдаги Конституциямизнинг моддалари 128 тадан 155 тага, унинг нормалари эса
275 тадан 434 тага кўпайди, яъни Конституциямиз қарийб 65 фоизга янгиланмоқда. Амалдаги 128 та моддадан 91 тасига концептуал ўзгартиришлар киритилиб, натижада Конституциямиз ҳам мазмунан, ҳам шаклан мутлақо янгиланмоқда.

Шунинг учун ҳам лойиҳанинг номини Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида эмас, балки “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни деб аташ таклиф этилмоқда.

Бевосита Конституцияга киритилаётан концептуал ўзгартишлар ҳақида  қисқача айтиб ўтиладиган бўлса, янгиланаётган Конституциямиз илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш, яъни энг аввало инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйишни мақсад қилган.

Жумаладан, Ўзбекистон ижтимоий давлат деб эълон қилиниб, Давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига оид нормалар қарийб уч бараварга ортган.   Бу йўналишда фуқароларнинг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифалари уй-жой билан таъминланиши, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсонга муносиб яшашини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда белгиланиши, фуқароларнинг тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини давлат ҳисобидан олишга ҳақлилиги ва бошқалар белгиланмоқда.

Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни назарда тутувчи қоидалар янада такомиллаштирилиб, давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ҳамда маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароит яратиши, уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашиши, зарур ахборотни тўсқинликсиз олиш имкониятини таъминлаши мустаҳкамланиб, ижтимоий давлатга хос ёндашув таълим соҳаси бўйича ҳам кўпгина модда ва нормаларда ўз ифодасини топмоқда. Яъни, ижтимоий давлатга хос бўлган барча элементлар Конституциямизда акс эттирилган.

Бундан ташқари, ёшларнинг олийгоҳларда давлат ҳисобидан грант асосида ўқиш ҳуқуқи Конституцияда белгиланиб, бу билан иқтидорли ёшларнинг давлат ҳисобидан олий таълим олиш имконияти кафолатланмоқда.

Шу билан бирга, ногиронлиги бор болаларга ўз тенгдошлари билан бир хил таълим олиши учун барча шароитлар яратиш, яъни инклюзив таълим тизимини ривожлантириш бўйича давлат ўзига мажбурият олмоқда.

Бундан ташқари, янгиланаётган Конституцияда “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мақсадидир” деган норма белгиланиб, бу борада инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини янада кучайтирувчи нормалар қабул қилиниши кўзда тутилган.

Ишонч билан айтиш мумкинки, ушбу қонун давлат ва жамият тараққиётига ижобий таъсир кўрсатиб, ҳозирги ва кейинги авлоднинг янада равнақ топишига ҳамда жамият тараққиётига салбий таъсир кўрсатувчи турли иллатларга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизми сифатида хизмат қилади.

Алишер МАДАМИНОВ,

раиси ўринбосари.