- Жамият, Ислоҳот, Қарор ва ижро   1 235

ЁЗЁВОНДАН МОТИВАЦИЯ ОЛИБ

Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Давлатжон Полвонов Ёзёвонга, тадбиримизга бироз кечикиб келибоқ, таҳририят янги биносини ичи-ташини, жиҳозларни, машинани суратга олишга тушиб кетганди. Ҳаракатларининг маъноси кейин ўзи телефонда айтиб берди.
Бағдодга боргач, туман ҳокимига Ёзёвонда бўлган воқеаларни бирма-бир айтиб, суратларни кўрсатади.
– Эртасигаёқ Ахборот хизматига автомобиль топширилди, – дейди Давлатжон. – Шунингдек, хизмат раҳбари учун ҳокимлик биносидан алоҳида хона ажратилиб, мебель жиҳозлари ўрнатилди, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича ташкилий ишлар давом этмоқда.
Бундан ташқари, туман ҳокими Восилжон Назаров «Бағдод» газетаси таҳририятига ҳам ташриф буюрди.
Таъкидлаш лозим, маҳаллий нашр кўп йиллардан буён муассиснинг эътиборидан четда қолаётганди.
– Муҳитни мутлақо ўзгартирамиз, ижодкорларга бўлган муносабатни тубдан ислоҳ қиламиз! Таҳририят – чин маънода ижодий масканга айланиши керак. Бунинг учун бугуноқ иш бошлаймиз, – дебди туман раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 15 мартида вилоят ҳокими Хайрулло Бозаровнинг «Фарғона вилояти шаҳар ва туманлари ҳокимликлари Ахборот хизматлари фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техника базасини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди.
Бу хабарни ижтимоий тармоққа энди жойламоқчи бўлиб тургандик, Хоразм вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Одилбек Оромбоев телефон қилиб қолди. Одилбек янги бино ва машина билан табриклаб,
–Бизда Ахборот хизматларига машина ажратиш муаммо бўляпти, сизларда бу масала қандай ечилди, – деб сўради.
Бор гапни – Президентимизнинг 4866-, вилоят ҳокимининг 98-қарорлари ижросига туман ҳокими эътибор қаратиб, шундай шароитлар яратиб берганини айтдим.
Одилбек ҳавас қилди.
Ҳа, Ёзёвонда туман ҳокимининг журналистларга эътибори бутун республикада эътироф этиляпти.

ЁЗЁВОН ТУМАНИ ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ