ДЎСТИМИЗНИНГ ДЎСТИ
Олтиариқлик қадрдонимиз Абдураҳим Олламов оқибатли инсон. Вилоят қурилиш бошқармасида ишлайди. Ўз ишининг устаси. Адабиёт, санъат аҳлидан танишлари, қадрдонлари шунчалик кўпки, айтган жойингиздан илиб чиқади. Тошкентга борди дегунча ижод аҳлидан бўлган қадрдонларни йўқлайди. Саид Аҳмад, Эркин Воҳидов, Анвар Обиджон ва кўплаб улуғларнинг суҳбати ва дуосини олган.
Ўтган куни Абдураҳим Олламов дўсти, Ўзбекистон халқ устаси Набижон Қодиров билан Ёзёвонга келиб қолишди. Набижон Қодиров билан ғойибона фейсбукда дўст эдик. Мана Абдураҳим ака шарофати билан “жонли” учрашиб турибмиз.
Техника фанлари доктори, профессор Муҳаммаджон Тошболтаев таърифи билан айтганда Набижон Қодировга Яратган қўш қўллаб берган. Набижон Қодиров тупроқдан мўъжиза яратадиган қўли гул уста-кулол. 1999 йилда унинг ижодига бағишлаб, “Риштон мўъжизаси” номли ҳужжатли фильм яратилганди. Ўзбекистон Бадиий академияси ижодкорлар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистон халқ устаси, қалами равон драматург. Қатор саҳна асарлари Фарғона, Жиззах, қардош Қозоғистоннинг Сайрам вилоят театирларида саҳналаштирилган. “Уч кунлик дунё” спектакли Ўзбекистон телевидениесининг олтин фондидан жой олган. Унинг сценарийси асосида суратга олинган “Армонли дунё” фильмини кўп кўрганмиз.
Бу ҳаммаси эмас. Дўстимизнинг дўстини “Дўппи кийган болалар”, “Энг яхши совға” китоблари болажонларга бағишланган. 2018 йилда нашрдан чиққан “Гулетим” қиссаси дастхат ёзиб совға қилди.
Набижон ҳожи Қодировга Яратган бежиз қўш қўллаб бермаган экан: Гаплари маъноли.
– Мактабда болаларни китоб ўқишга ўргатишни газета-журналлардан бошлаш керак, –дейди у. – 1964-74 йилларда мактабда ўқиганимизда “Ғунча”, “Гулхан” журналлари. “Ленин учқуни” газетасига ҳамма ёзиларди. Катта синфларга ўтгач, газета-журналлар ҳам каттариб борган. Кейин китоб китоб ўқишга бемалол ўтиб кетаверганмиз.
Меҳмон ҳожи акалар билан бир пиёла чой устида суҳбат қурдик. Пешин намозини ўқиш учун жомъе масжидига қараб юрар эканмиз, Абдураҳим Олламов гидлик қилиб, Ёзёвонни таништириб борди. Чунки бу ердаги кўп қурилишларнинг чизмаси унинг қўлидан ўтган.
– Ёзёвонни бундай обод эканлигини билмас эканман, – дейди Набижон уста. – Бу юртда барака бор экан. Ҳали янада ривожланиб, бунданда чиройли бўлиб кетади.
Бундай мақтов кимга ёқмайди, дейсиз? Вақт олий ҳакам. Меҳмонлар қайтишга чоғланишди. Бир кўрган таниш деганларидек дўстимиз Олламовнинг дўсти Набижон Қодиров билан биринчи учрашгандаёқ қадрдон бўлиб қолдик.
Яхши одамлар, дўстлар қанча кўп бўлса, шунча оз.