- Жамият, Иқтисодиёт, Турфа олам   1 310

ЎЗБЕКИСТОН МДҲ ДАВЛАТЛАРИ ОРАСИДА БИРИНЧИ

Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси  томонидан мамлакатимиз экспорт географиясини кенгайтириш ва соҳани ривожлантириш бўйича самарали ишлар қилинмоқда.  Хусусан,  ўтган 2020 йилда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича халқаро Конвенцияга  Ўзбекистон Республикаси 184-давлат сифатида МДҲ давлатлари орасида биринчилардан бўлиб аъзоликка қабул қилинишига эришилди. Мавжуд 42 та фитосанитар халқаро стандартлардан жами 25 таси соҳага имплементация қилинди. Бу каби маълумотлар вилоят ўсимликлар карантини давлат инспекцияси томонидан ўтказилган семинарда келтирилди.

Семинар «Ўздавкарантин» инспекцияси томонидан очилган кўплаб хорижий бозорлар ва импортёр давлатларнинг фитосанитар талаблари бўйича тадбиркорларга кенгроқ тушунчалар бериш мақсадида ташкил этилди. Тақдим этилган маълумотларга кўра, 52 та давлатга барча турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини фитосанитар сертификат асосида экспортга чиқариш бўйича келишувларга эришилган. Асосий 57 турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига экспорт бозорларини очиш бўйича техник маълумотлар тайёрланиб, 60 та хорижий давлатларга юборилди. 15 та давлатга 62  турдаги маҳсулот экспорти учун 242 та карантин рухсатномалари олиниб, уларнинг жами сони 26 та давлатга 99 турдагимаҳсулотга етказилди. Шунингдек, 52 та давлатга барча турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини фитосанитар сертификат асосида экспортга юклаш бўйича келишувларга эришилди.

Йиғилишда айтиб ўтилдики, асосий эътибор, Осиё қитъаси давлатларида экспортни ривожлантиришга қаратилмоқда. Айниқса, Хитойга 14 хил, Кореяга 43 хил, Ҳиндистонга 38хил, Японияга 58 хил, Таиландга  24 хил маҳсулотга карантин рухсатномалари олиниб, яна 50 дан ортиқ маҳсулотлар учун экспорт бозорларини очиш мақсадида давомли музокаралар олиб борилмоқда.

  Семинарда тадбиркорлар маҳсулот етишириш ва экспорт қилишда фитосанитария талабларига қатъий амал қилишлари  шартлиги таъкидланди. Албатта, маҳсулотнинг импортёр давлатлар талабларига мос равишда етиб бориши экспорт ривожи ҳамда  ишончли ҳамкорликдаги муҳим омилларидан биридир.

Д.АБДУРАҲМОНОВ,

Ж.АБДУРАПИҚОВ,

Фарғона вилояти Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси агроном инспекторлари.