- Жамият, Қарор ва ижро   772

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 8 ноябрдаги “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги ПФ-243-сон Фармони мазмун моҳияти

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг ёрқин ифодаси сифатида демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, аҳолининг эркин ва обод турмушини таъминлаш, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш ҳамда барча соҳаларда ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Юртимиз тараққиётининг янги босқичида халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаёти учун ишончли кафолат бўлган Бош қомусимизни бугунги давр талабларига мос ҳолда, энг муҳими, фуқароларимиз хоҳиш-иродаси ва фикри ҳамда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади бўлган «Инсон — жамият — давлат» тамойили асосида ҳақиқий халқ Конституциясига айлантириш ишлари изчил амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг
30 йиллиги муносабати билан, шунингдек, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини юксалтириш, мудофаа қудратини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган юртдошларимизни тақдирлаш мақсадида:

Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги» эсдалик нишони таъсис этилди. Унга кўра «Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги» эсдалик нишони билан мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини юксалтириш, мудофаа қудратини ошириш, давлатимиз сарҳадларининг дахлсизлигини таъминлаш, тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро дўстлик ва тотувликни асраш, Янги Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, қадр-қиммати улуғланадиган адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш, Асосий Қонунимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни қонунга ҳурмат, Ватанга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган барча соҳа вакиллари, меҳнат фахрийлари, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамда бошқа шахслар тақдирланиши белгиланди.

Шу билан бирга мазкур фармонда «Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги» эсдалик нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкинлиги белгиланди.

Шунингдек, фармонда вазирликлар, идоралар, жамоат бирлашмалари ва бошқа республика органлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари «Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги» эсдалик нишонлари Конституция қабул қилинган кун муносабати билан жойларда ўтказиладиган тадбирларда тантанали вазиятда топширилишини ташкил этиш, мазкур бандда назарда тутилган тадбирлар билан боғлиқ сарф-харажатлар учун Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан зарур маблағлар ажратилишини таъминлаш, ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда «Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги» эсдалик нишони билан тақдирлашга бағишланган тадбирларни оммавий ахборот воситалари, Интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш ишларини ташкил қилиш белгиланди.

Д.МАДАМИНОВ,

Фарғона туманлараро маъмурий суди судьяси.