- Жамият, Маънавият   1 531

Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг 65 йиллигига ҚАЛДИРҒОЧЛАР – ЖАННАТ ҚУШЛАРИ

Апрелнинг хушҳаво кунларидан бирида Андижоннинг Қўрғонтепа туманида яшовчи қадрдоним Азамат Болтабоев Ёзёвонга мени йўқлаб келди. Азамат ўн беш йилдан ортиқ эл севган шоир Муҳаммад Юсуф билан ёнма-ён, ҳамфикр ва ҳамроҳ бўлган, нафақат шоирнинг оддий ҳайдовчиси ишонган дўсти ва сирдоши ҳам эди. Узоқ суҳбатимиз ардоқли шоир ҳақида бўлди ва бу хотираларни сизга ҳам илиндик. Илоҳим, шоирнинг охирати обод бўлсин.

– «Аллоҳ гўзал» шеърининг ёзилишида сизнинг ҳам ҳиссангиз борлигини шоирнинг ўзидан эшитгандим, дея саволга тутаман Азаматни.

– Дархондаги тўққиз қаватли уйда яшаётганида маҳалла масжидига кириб номоз ўқиган вақтлари кўп бўларди. Аср билан шом ёки шом билан хуфтон намози оралиғида уйга чиқмасдан, масжид ҳовлисида оқсоқоллар билан ўтириб, гурунг қилишни хуш кўрарди. Муҳаммад Юсуфни масжид қавми ҳам яхши кўришар, шоирдан шеърлар ўқиб беришини сўрашарди.

«Кекса чолларга ёлғончи ёр ёки кўксимда бир ёр, деб шеърлар ўқишдан уяласан одам. Уларбоп бир шеър ёзиш ниятидаман», деб қолди бир гал. Уч-тўрт кун паришон юрди-да, бир куни эрталаб келсам, жуда хурсанд, юзи шунақа нурли бўлиб кетибдики. Одатда янги шеър ёзган чоғларида шунақа, шоирни қувноқ кайфият чулғаб олар, шеърни кимгадир ўқиб бергиси келарди. Шоирнинг ўша шеъри «Аллоҳ гўзал» эди. У шеърни ўқий бошлади:

Азонда илк айтмиш Билол,

Аллоҳ гўзал, Аллоҳ гўзал.

Орази гул, қадди ҳилол,

Аллоҳ гўзал, Аллоҳ гўзал…

 

Арш аркида султон ўзи,

Беайбу бенуқсон ўзи.

Пойига чўк улдир ҳилол,

Аллоҳ гўзал, Аллоҳ гўзал.

 

Дийдори бир ширин умид,

Азал вужуд, абад вужуд.

Кимга аён, кимга хаёл,

Аллоҳ гўзал, Аллоҳ гўзал…

 

Наҳри зилол, бағри баҳор,

Гул чеҳра ёр, нур чеҳра ёр.

Оромижон, ошуфтаҳол,

Аллоҳ гўзал, Аллоҳ гўзал.

 

Тупроққа жон этмиш ато,

Момо Ҳаво, Одам Ато.

Лойдан одам ясар кулол,

Аллоҳ гўзал, Аллоҳ гўзал.

 

Шоир тилак-таoбим ўшал,

Руҳим ўшал, Раббим ўшал,

Аллоҳ акбар, эй Билол,

Аллоҳ гўзал, Аллоҳ гўзал…

Шеър 14 та тўртликдан иборат эди, негадир китобига юқоридаги 6 та тўртлик киритилган, холос. Қолган сатрлари ҳам ниҳоятда гўзал ва қуйма эди. Шу куни Андижонга бормоқчи эдим. Муҳаммад Юсуф шеърини ўқиб бўлгач, уни менга узатди.

«Шайҳ ҳазрат Аллоуддин Мансурга қишлоғингиз яқин. Шу шеърни ола кетинг, уни Шайҳ ҳазратлари назаридан бир ўтказиб келасиз», деди. Қишлоқдаги юмушларимни битказиб, Шайҳ Аллоуддин Мансурнинг уйига бордим. Ҳазрат шеърни ўқиб, жуда хурсанд бўлди, шоир ҳаққига дуолар қилди. Кейин «шеърни бир жойини ўзгартирсак, нима дейсиз», деди. Шоир ўзи шу мақсадда сизга жўнатган, камчилигини айтсин, деган, дедим.

«Иккинчи тўртликдаги «Пойига чўк улдир ҳилол»ни «Пойига чўк, ул Зулжалол» деймиз», деди. Ҳазрат билан хайрлашиб, Тошкентга келдим. Шоирга Шайҳ ҳазратларининг саломини ва шеърни топширдим. Шоир севиниб кетди, «Қаранг, Зулжалол Аллоҳнинг исмларидан бири-ку, шу сўз калламга келмаганини қаранг, барибир бизни билим ҳазратни билими олдида ожизроқда», деди. (Муҳаммад Юсуфни исломий таълимотга ихлоси баланд эди, набираси исмини Билол деб атаганди).

Ўшанда Муҳаммад Юсуф Президент бошқаруви академиясини битираётганди. Шеърни қорасувлик Рустам Ҳусаинов қўшиқ қилди. Андижонлик Амин ака деган созанда (Илҳом Жўраев гуруҳида қонун чаларди, раҳматли бўлиб кетди) қўшиққа куй басталади. Бу қўшиқ шоирнинг Академияни битирув кечасида илк бор янгради. Қўшиқ олқишлар билан кутиб олинди, кечада қатнашган шоирнинг қайнотаси профессор Ғайбулла ас-Салом кўп қувонгани ҳамон ёдимда. Бу қўшиқни кейинчалик Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков ҳам айтди. Лекин Озодбек ҳам қорасувлик Рустам Ҳусаинов ижросига қойил қолганди.

 

БОКСЧИ ҲАҚИДА ДОСТОН

 

–«Муҳаммадқодир» достонининг яратилишини ҳам сиз яхши биларкансиз, –яна саволга тутаман Азаматни.

– Муҳаммад Юсуф Олий Мажлис депутати эди. Сессияда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов шоирга савол берибди: «Ҳозирги ёш миллий қаҳрамон деб кимни айта оласиз, қани шоир, сиз айтинг-чи», дебди. Шоир «Олимпия чемпиони Муҳаммадқодир Абдуллаев», дебди. Ислом Каримов шоирга яна савол берибди: «Нега шулар ҳақида шеoр, достон ёзмаяпсизлар?» Шоир бир ҳафтада олимпия чемпиони Муҳаммадқодир ҳақида достон ёзишга ваъда қилибди.

Муҳаммад Юсуфни бир ҳафта ичида нима еб, нима ичгани, қандай ётгани-тургани ўзига аён. Оҳ шоирлик қисмати! Ҳафта поёнида шоир қўлига қалам-қоғоз олди ва Муҳаммадқодир ҳақидаги достон бир ўтиришда, 3-4 соатда «туғилди». Достон эртаси куни «Халқ сўзи» газетасида босилди.

Шу орада яна Андижонга борадиган бўлдим. Шоир достон босилган газетадан беш-олти нусха олиб боксчи Муҳаммадқодирга ёки унинг дадаси Ёқуб акага бериб қўйишимни тайинлади.

Газетани Ёқуб акага олиб борганимда, достонни ўқиб кўзига ёш келди ва шоирни дуо қилди. Достондаги воқеаларни, чемпионнинг болалиги, белакчакда ётганида самолёт устидан дори сепиб ўтгани каби ҳолатларни шоир қаердан билдийкан, бу гапларни ҳеч кимга айтмаган эдик-ку, дея ҳайрон қолди ва шоирлик ҳам бир илоҳий мўъжиза эканини тан олиб гапирди.

 

ШОИРНИ АЛДАГАН ҲАМЮРТ

 

Вафотидан бир йилча олдин шоир «Тико»сида автоҳалокатга учраган эди. Ўша «Тико»ни 1800 долларга сотдик.

– Ўрни йўқолмасин, бирорта машина олайлик,     –деди шоир. «1800 долларга қанақаям машина келарди. Тузукроқ машинага эса пул йўқ, —деди шоир. Машина бозоридан анчайин минилган, лекин яхши таъмирланган «Жигули» олдик. «Жигули»ни пича миниб юрдик, лекин у ёқмади, эгасига қайтиб бердик.

Қўқон машина бозорига йўлимиз тушиб, машина танладик. Бир «Нексия» ёқиб қолди. Машина сотаётган одам марҳаматлик экан, машинани шоир олаётганини билиб, ўзимизни ҳамюрт экан арзонроқ сотаман, мендан шоирга бир эсдалик бўлсин, деб илтифот кўрсатди. «Нексия»ни 4500 долларга берадиган бўлди.

«Тико»ни пулига 200 доллар қўшиб, 2000 доллар қилдик, машина сотаётган одам билан шартлашиб, қолган 2500 долларни машинани шоир номига ўтказиб олгач берамиз, дедик.

«Нексия» жуда ёқди, тирқ этган овози йўқ. Лекин уни ҳужжатсиз Тошкент кўчаларида миниш, ҳар қадамда ДАНчиларни тўхтатавериши жонга тегди. Марҳаматга бориб машина сотувчини топдик.

У машина меники эмас, бир киши сотиб беринг, деб илтимос қилган эди, у Асака томонда, деб бизни машина эгаси ёнига бошлаб борди.

Машинани нотариусдан ўтказишга борсак, асакалик қўшиқчи Турсунбой Парпиев ҳам ўша ерда экан. У Муҳаммад Юсуфнинг «Қора қумғон», «Посбонлар» ва яна кўпгина шеърларини қўшиқ қилган, шоирга ихлоси баланд қадрдони эди.

У шоирни машинасига ўтқазиб, «биз Андижон аэропорти ёнидаги чойхонада ош дамлаб турамиз, ишни битқазиб бораверинг», деб жўнаб кетишди. Шоирга «Нексия»ни арзонга олиб берадиган марҳаматлик одам ҳам қаёққадир йўқолди.

Машина эгасига 2500 доллар берсам, нега 2500 доллар беряпсиз, менга 1500 доллар берсангиз бўлди, мен марҳаматлик машинафурушга 3500 долларга сотиб беринг, дегандим, деди.

Қисқаси, ҳамюртимга арзонга олиб бераман, деган марҳаматлик машинафуруш шоирни 1000 долларга чув тушираётган экан. Машина эгаси 1500 доллардан 100 долларни менга қайтариб, «бунга шоир билан йўлда чой-пой ичиб кетинглар», деди.

Шунақа ҳамюртни алдайдиган ҳамюртлар ҳам учраб тураркан-да!

 

Жаннатнинг гўзаллиги

 

Бир куни шоир негадир кайфияти йўқ, менинг ҳам кўнглим ғаш Дўрмон боғида ўтирардик. Муҳаммад ака «Сизга жаннатнинг гўзаллигини анчадан буён кўрсатаман дейману, вақт тополмаймиз, юринг сизга жаннат гўзаллигини кўрсатаман», деди. Илгари Андижонга уч, тўрт ойда келарди. Умрининг сўнги пайтида, Андижонга ҳафтадаям келадиган бўлиб қолди.

Дўрмондан Марҳаматга жўнадик, синглиси Муҳаббатхоннинг уйига кечаси соат бирда етиб бордик. Синглиси дарров чой қўйди, шоир ташқарига, сўрига жой қилиб беришини сўради.

—Мен йўлда мизғиб олдим, сиз ҳам пича ухлаб олинг, лекин уйғотган заҳотим уйғонинг, —деб тайинлади.

Бошимиз қиблада, кунчиқарга қараб ётибмиз. Қуёш Ўш тоқидан чиқяпти. Бу ҳолат бир, узоғи билан икки дақиқага боради, холос. Қуёшнинг нур сочиши ҳайратланарли. Бундай шаффофликни, ажиб нурафшонликни, гўзал манзарани бошқа ҳеч қаерда кўрмаганман.

Эрталаб Тошкентга қайтдик, йўлда бувиси Турсун эна қабрини зиёрат қилдик. Қабристон деворлари нураган, қабрлар қаровсиз, ўт-ўлан босган эди.

—Қабрлар нураб кетибди, —деди шоир. —Кўрасиз, менинг ўлимим бу қабристонни обод қилади…

 

қалдирғочлар— жаннат қушлари

 

2001 йил, 1 август. Шоирни қабрга элтяпмиз. Тумонат одам. Қалдирғочлар осмонда ғужғон, бесарамжон учадилар. Шоирни қабрга қўйишда қалдирғочлар ўзини қабр устига уриб, яна кўкка кўтариладилар. Ёнимда ўтирган оқсоқоллар шивири қулоғимга чалинади:

—Қалдирғочлар — жаннат қушлари. Муҳаммаджон жаннати йигит эди..

Малик БОЙМАТОВ.