Ҳозиргина ўқидим, Венеция каналларида оқадиган сув тиниқлашибди. Бошқа бир сайёхлар учун машҳур жойда, ҳозирда бўшаб қолган, камёб қушлар пайдо бўлибди.
Балки табиат дам олишни истагандир? Балки у инсонларнинг тиним билмай ҳаракатланишидан чарчагандир. Балки у сув тошқинлари ва кучли ёмғирлар билан депсинаётгандир. Иссиқ қишлар билан иситма қилаётгандир, сувдан чиққан ва чарчаган ит сингари зилзилалар билан ўзини силкитаётгандир.
Энди Ерда аутоиммун касаллик бор ва сайёра даволаниш усулини танлади: ҳаммани ўз уйида тўплаш. Ҳар бир инсонни-ўз мамлакатида, ўз уйида, қадрдонларига яқин жойда. Ишдан, тартибсизликдан, абадий шошқалоқликдан дам олиши учун.
Соғлиғи, ота-она ва фарзандлар билан биргаликдаги ўйинлар, дастурхон устидаги суҳбатларни ёдга олишлари учун. Йўл-йўлакай ейиладиган хот-дог ўрнига, беш соат эътиборингни талаб қиладиган таом тайёрлаш учун.
Ўз қўлинг билан қачонлардир саёҳатдан олиб келинган қаҳва идишда қаҳва тайёрлаш ва уни шошмасдан чиройли финжонда ичиш учун.
Чизишни бошлаган расмингни тугатиш, рецептларни махсус дафтарчага кўчириш, гулларни янги тувакларга кўчириш учун.
Сайёра ҳар биримизни уйимизга қамаяпти. Уни тартибга келтиришимиз учун: хоналардан бошлаб, ўй – фикрларимизгача.
Балки шунда қадрлашни бошлармиз. Ва яқин орада ўзимиз истаган, бизсиз дам олаётган, сайлгоҳларга қайтармиз.
Баҳор уларга яна ҳаёт бағишлайди, тўхтовсиз селфилар ва оёқ остидаги чиқиндилардан ҳоли бўлган тоза ҳаво билан янгилайди.
Ва бизга янги оламни тақдим қилади: биз ҳозирги ондан, ҳозирги дақиқадан ўзимиздан бошлаган ҳолда, эҳтиёт қилиб, асраб-авайлашимиз учун. Муҳими ваҳимага берилмаслик. Яратганга шу кўрсатган куни учун шукрона келтириш даркор. Телевидениеларда ҳам бериб борилаётган қимматли маслаҳатларга амал қилиш, шахсий гигиена қоидаларига риоя этиш, қадимдан панд бермаган. Қувонарлиси, халқимиз жипслашди. Саховатпешаларнинг инсонларга кўрсатган меҳр-мурувватини телеэкранлар орқали барчамиз кўриб турибмиз.
Шифокорлар «Биз сиз учун ишда қолдик илтимос сиз биз учун уйда қолинг», акциясини ўтказишмоқда. Диний уламолар юртимизга тинчлик, беморларга шифо сўраб, дуо қилишмоқда Президентимиз ҳам таъкидладилар, бу ҳаётнинг кўп оғир синовларини бошдан кечирган халқимиз ҳаммасини тўғри тушуниб, масалага онгли ёндошмоқда. Ҳаммамиз якдилмиз. Ишонамизки, бу қийинчиликлар албатта ўтиб кетади.
Ўзингизни эҳтиёт қилинг!
Саидахон МАМАЖОНОВА,
16-мактаб ўқитувчиси.