Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил24 сентябрдаги «Бошоқли дон етиштиришда кластер тизимини босқичма-босқич жорий этиш орқали юқори ҳосилдорликни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 806-сонли Қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан 2020 йил ҳосилидан бошлаб бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликлари билан чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик хўжаликларива бошоқли дон маҳсулотларини қайта ишловчи ташкилотлар томонидан бошоқли донни етиштириш ёки шартнома асосида харид қилиш орқали ғаллачилик кластерлари босқичма-босқич жорий этилади.
Ўрнатилган тартибга кўра, 2020 йил ғалла ҳосилидан бошлаб ғаллачилик кластери ташаббускорнинг бевосита ўзига берилган ер майдонларида ҳамда бошоқли донни фермер хўжаликларидан шартнома бўйича харид қилиш асосида ташкил этилади.
Ғаллачилик кластери бошоқли донни фермер хўжаликларидан шартнома бўйича харид қилиш асосида ташкил этилганда:
ғаллачилик кластери билан «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси тизимидаги дон корхоналари ўртасида давлат хариди учун бошоқли дон етказиб бериш бўйича контрактация шартномалари тузилади;
ғаллачилик кластери билан фермер хўжаликлари ўртасида ғаллачилик кластери томонидан давлат хариди учун етказиб бериладиган бошоқли дон миқдорини ҳисобга олган ҳолда қўшимча шартнома тузилади;
ғаллачилик кластерларига давлат хариди учун етказиб бериладиган бошоқли дон қийматининг 100 фоизи миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилади ва ушбу маблағлар фермер хўжаликларида маҳсулот етиштириш харажатларини молиялаштиришгайўналтирилади;
ғаллачилик кластери ўз айланма маблағлари ҳисобидан фермер хўжаликларидан қўшимча харид қиладиган бошоқли дон учун маблағ ажратади;
ғаллачилик кластери томонидан қўшимча ажратилган маблағлар, биринчи навбатда, минерал ўғитлар, ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситалари, ёнилғи мойлаш маҳсулотлари, механизация хизматлари учун тўловларни амалга оширишга йўналтирилади;
ғаллачилик кластери фермер хўжалиги билан тузилган шартномага мувофиқ давлат хариди учун етказиб бериладиган бошоқли дон ҳажмига нисбатан қўшимча харид қиладиган дон қисми учун маблағ ёки моддий ресурслар ажратмаган тақдирда, ушбу миқдордаги бошоқли дон тўлиқ фермер хўжалиги ихтиёрида қолдирилади;
ғаллачилик кластери фермер хўжалиги билан тузилган шартнома бўйича давлат хариди учун етказиб бериладиган бошоқли дон ҳажмига нисбатан қўшимча харид қилинадиган дон қисмига кам миқдорда маблағ ажратган тақдирда, фермер хўжалиги ажратилган маблағ миқдорига тенг қийматда бошоқли дон етказиб беради;
ғаллачилик кластери томонидан қўшимча харид қилинадиган бошоқли дон нархи ҳақиқий харажатлардан келиб чиқиб, шартномага мувофиқ бозор баҳосида белгиланади;
ғаллачилик кластери томонидан фермер хўжаликларидан харид қилинадиган бошоқли дон учун якуний ҳисоб-китоблар ҳосил йилининг 1 сентябрига қадар тўлиқ амалга оширилади.
Мазкур қарорнинг қабул қилиниши қишлоқ хўжалиги соҳасини диверсификация қилиш орқали бошоқли дон экинларидан юқори ҳосил олиш, паррандачилик, чорвачилик ва балиқчилик тармоқларининг озуқага бўлган талабини қондириш, ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш хамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг иқтисодий манфаатдорлигини оширишга хизмат қилади.
Ф.ЮЛБАРСОВ,
Агроинспекциянинг Ёзёвон туман
бўлими бошлиғи ўринбосари.