- Жамият, Туман янгиликлари   1 101

ҚАБУЛЛАРДАН БАРЧА ХУРСАНД, ФАҚАТ…

Туман ҳокими Дилшоджон Джалиловнинг навбатдаги сайёр қабули Марказий Фарғона маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтди. Анча сокин ўтган қабулда ўндан зиёд тадбиркорнинг мурожаатлари тингланди.

 –Мен халқ таълими тизимида узоқ йиллар ишлаган фахрий ўқитувчиман,– деди дастлабки мурожаатчи М. Мамажонов. – Талабим шуки, йиғин ҳудудидаги 36-мактабда бошланғич синфлар ҳам очилса. Бу ҳақида мактаб раҳбарларига бир неча марта мурожаат қилганмиз, аммо фойдаси бўлмади. Чунки, маҳалла ҳудудидаги бошланғич синф ўқувчилари асосан 3-мактабга боришади. Муддао шуки, 36-мактабда бошланғич синф ўқувчилари ҳам ўқиса.

Туман ҳокими албатта бу масалани вилоят халқ таълими бошқармаси билан келишиб, ижобий ҳал қилишга ҳаракат қилишини билдирди.

Фуқаро Г. Турсунова ўғли Санжарбек “Ёзёвон лочинлари” жамоасида тўп суришини, аммо уч ойдан буён ойлик маошини ололмаётганини айтди.

Ҳоким янги ҳафтанинг бошларида футболчилар албатта маошларини оладилар, деди.

Тадбиркор М. Исмоилова бир неча аёллар ишлайдиган цехи борлигини, лекин у ердаги шароитни талаб даражасига келтириш учун маблағи йўқлигини, имкон бўлса, тикувчиларга иш ва дам олиш учун шароит яратилишига ёрдам сўраб мурожаат қилди.  

Туман ҳокими ҳоким ўринбосарлари ва тегишли ташкилот раҳбарларига жойни бориб кўриб, шароитни яхшилаб беришга кўрсатма берди.

Тадбиркор С. Тешабоев 30 миллион сўм кредит оламан, деб Халқ банкига боравериб холдан тойгани, бугунги қабул охирги умиди эканини айтди.

Туман ҳокими бу борада қанча фармон ва қарорлар қабул қилинган бўлса ҳам, ҳамон банклар раҳбар-ходимлари тадбиркорларни, мижозларни сарсон қилаётгани албатта жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида банклар раҳбарларини огоҳлантирди.

Туман прокурори И. Ходжаев фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунга асосан фуқароларни сарсон қилаётган банк раҳбарлари қонун олдида жавоб беришлари ҳақида эслатиб ўтди. Прокурор фуқароларни менсимаслик фақатгина банкларда эмас, тиббиёт тизимида ҳам  кўп учраётгани ҳақида тиббиёт бирлашмаси раҳбари О. Турдиевга фактлар билан исботлаб берди.

Хулоса шуки, қабулдан кўзланган мақсадга эришилди, фақат ижрочилар масъулиятни ҳис қилиб, ваъдаларини бажарсалар бўлди. Ана шундагина одамларнинг бундай қабулларга ишончлари янада ортади.

Исҳоқжон КАРИМОВ.

ЁЗЁВОН ТУМАНИ ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ