- Жамият, Турфа олам   1 368

ҚИШДА БОҒ ПАРВАРИШИ

Вилоятимизда кўп боғлар суғориладиган майдонларда жойлашган бўлиб, юқрироқда жойлашган боғларда ер қатламида нам танқислиги доимо сезилиб туради. Ерда нам етарли бўлмаса, мевали дарахтлар озиқ моддалардан яхши фойдалана олмайди. Куз, қиш ва баҳорда ёғадиган ёмғир сувлари эса дарахтларнинг илдизигача етиб бормайди. Шу туфайли қишнинг ҳар бир илиқ кунидан унумли фойдаланиб, ер ости суви 2-5 метрдан паст жойлашган ҳудудларда боғ ва токзорларга яхоб суви берилиши керак. Шундагина дарахт илдизи меъёрида ўсиб, тупроқдаги озиқ моддаларни тўла ўзлаштира олади. Айни вақтда бу усул тупроқ таркибидаги ўсимлик учун зарарли бўлган тузларни ювишга ҳам катта ёрдам беради, ердаги нам яхши сақланади. Яхоб суви бериш учун боғларнинг атрофида барпо этилган зовурлар тозаланиб, коллектор тармоқлари яхши ишлаб туриши зарур. Ҳосилга кирган боғларда қишки яхоб суви ноябрь ойидан март ойи охиригача икки-уч маротаба – қондириб берилади.

Айни кунларда  боғларда ўтказиладиган яна бир муҳим иш дарахтларга шакл беришдир. Олма, нок, олхўри дарахтларига одатда сийраклаштирилган қаватли шакл берилади. Шафтоли дарахтига эса косасимон шакл берилгани маъқул. Мевали дарахтларни қирқиш ва уларга шакл беришда серҳосил шохни ҳосил бермайдиган шохлардан ажрата билиш шарт. Шунга эътибор қаратиш лозимки, ўрик, гилос, олча дарахтларида ғуж жойлашган (яъни гулдаста кўринишидаги) шох­лар серҳосил саналади.

Дарахт шохларини кесишда қалин соя берадиган, ортиқча новдалар бутунлай олиб ташланади. Мевали дарахтларда ҳалқали шох ҳаддан ташқари кўпайиб кетса, бир йиллик новдаларнинг ўсишига тўсқинлик қилиши мумкин. Натижада дарахт новдалари ўсишдан қолиб, ҳосили йил сайин камайиб боради.

Ол­ма дарахтида бир йиллик новдалар узунлиги 35-45 сантиметр бўлиши мақсадга мувофиқ. Агарда новдалар узунлиги 15-20 сантиметрга тушиб қолса, дарахт шох-шаб­баларини “яшартириш” тавсия этилади. Бунинг учун майда ён шохлар 2-3 яшарлик она шохларга тақаб қирқилади.

Дарахт танаси ва илдизидан ўсиб чиққан новдаларни ҳар йили олиб туриш керак. Айниқса, олча  ва олчага уланган гилос дарахтининг атрофидан кўплаб бачки новдалар ўсиб чиқади. Бунинг олдини олиш учун вегетация даврида дарахт танасини камида 2-3 маротаба бачкилардан тозалаш лозим.

Шафтолини буташда унинг ёруғликни севиши, тез ўсиши, сершохлиги ва асосан ўтган йилги новдаларда ҳосил куртаги кўпроқ чиқишини ҳисобга олиш керак. Бу дарахт шохлари тез ўсади, новда ва бачкилари кўпроқ чиқади. Лекин улар узоқ яшамайди, тезда қуриб, асосий шохнинг пастки танаси яланғочланиб қолади ва шунинг ҳисобига дарахт ҳосили “юқорилайди”. Шу боис бошқа дарахтларга нисбатан шафтоли кўпроқ буталади. Шафтолининг тез ўсувчи  навларида 4-6 та серҳосил ва асосий шох қолдирилиб, шакл берилади.   Дастлабки новда
35-40 сантиметр баландликда, қолганлари бир-биридан 15-20 сантиметр масофада шаклга солингани маъқул.

Боғ тупроғига ишлов бериш, унинг фи­зик-кимёвий ҳолатини яхшилаш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шудгорлашдан олдин ерга органик ва минерал ўғитлар солиниши лозимлигини унутмаслик керак. Эрта баҳорда ер етилиши билан боғ қатор ораларига шундай ўғитларни солиб, ерни 25-30 сантиметр чуқурликда ҳайдаш яхши самара беради. Органик ўғитлар  гектарига камида 10-20 тоннагача, азотли ўғитлар соф ҳолда 120 килограммдан берилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Бундан ташқари, гектарига 60-90 килограммгача фосфор ва 30-40 килограммгача калий ўғити солиниши яхши натижа беради. Лалмикор ва ярим лалми ерлардаги боғларга ўғит эрта баҳорда солингани маъқул.

Энг аввало, боғ ва токзорларда баҳорги, ёзги, кузги ва қишки ишловни кечиктирмай, меъёрида ва сифатли ўтказиш мўл ҳосил гарови эканини унутмаслик лозим.

А.АБДАЗИЗОВ,

Р.АБДБАННОПОВ,

О.МАМАЖОНОВ,

Фарғона вилояти Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси агроном инспекторлари.