- Жамият, Қарор ва ижро   461

ҚОНУНЛАРНИ БИЛМАСЛИК ЖАВОБГАРЛИКДАН ОЗОД ҚИЛМАЙДИ

Мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда банклар муҳим роль касб этади. Ҳозирги кунда республикамизда миллий банкларимиздан ташқари, хорижий банк филиаллари ҳам самарали фаолият олиб бормоқда.

“Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига кўра, банк — тижорат ташкилоти бўлиб, банк фаолияти деб ҳисобланадиган қуйидаги фаолият турлари мажмуини амалга оширадиган юридик шахсдир:

юридик ва жисмоний шахслардан омонатлар қабул қилиш ҳамда қабул қилинган маблағлардан таваккал қилиб кредит бериш ёки инвестициялаш учун фойдаланиш;

тўловларни амалга ошириш.

Омонат (депозит) — талаб қилиниши биланоқ ёки тўловни амалга оширувчи шахс билан тўловни олувчи шахс ёхуд уларнинг қонуний вакиллари ўртасида келишилган муддатда фоизлар ёки устама ҳақ тўлаган ҳолда ёхуд бундай тўловларсиз ҳаммасини қайтариб бериш шарти билан топшириладиган пул суммаси.

        Чет эл банки — чет эл банкининг ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширадиган шўъба банки бўлиб, унинг устав капиталининг ҳаммаси чет эл банки томонидан тўланади.

Юқорида қайд этиб ўтилганидек, банк – тижорат ташкилотидир ва ўз олдига фойда кўришни мақсад қилиб, фаолият олиб боради. Бу борада, банк ходимлариданбанк мижозлари билан ишлашда ҳушёрлик, тезкорлик талаб этилиши билан бирга, амалдаги қонунчиликни юксак савияда билиш каби фазилатларга ҳам эга бўлиш лозимдир. Таъкидлаш лозимки, бундай ижобий фазилатларга эга бўлган ходимлар ишлаб келаётган банк муассасасиниюксалишига олиб келиши, акс ҳолда эса кредит ташкилотини зарарига ишлашига ва сўнгида таназзулга учрашига сабаб бўлиши мумкин.

         Олиб борилаётган ислоҳотларнинг натижаси ўлароқ, жамият аъзоларининг, шу жумладан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган шахсларнинг ҳам ҳуқуқий онги ва билими ошиши билан бир қаторда бошқа тижорат ташкилотлари сингари, банк соҳаси вакилларини ҳам ўз устида доимий ишлаши, билим-салоҳиятини ошириб боришига жиддий туртки бўлмоқда.

         Банк муассасасиасосий фаолиятларидан бири бўлиб, бу албатта юридик ва жисмоний шахслардан омонатлар қабул қилиш ҳамда қабул қилинган маблағлардан таваккал қилиб кредит бериш ёки инвестициялаш учун фойдаланиш каби фаолият ҳисобланади.

 Фарғона вилоят судининг иқтисодий судлов ҳайъати ва туманлараро иқтисодий судларда жорий йилнинг бошидан 1 ноябрь кунига қадар кредит ундиришга оид низолар бўйича жами 644 та иш кўрилган.

 Кўрилган ишларнинг 514 таси (79,8%) қаноатлантирилган, 32 таси рад этилган (4,9%), 78 таси кўрмасдан қолдирилган (12,1%), 20 та иш юритиш тугатилган (3,1%) (шу жумладан 2 та келишув битими асосида), кўрилган ишлар натижасига кўра 22 та таъсир чоралари қўлланилган.

          Айрим банк филиаллари ходимларининг ўз вазифасига жиддий ёндошмаслиги ёҳуд қонунчилик талабларни яхши тушуниб етмаслиги, юқори турувчи банк бошқаруви томонидан ўз ходимларининг ҳуқуқий билимини ошириш йўлида етарлича ишламаслиги оқибатида, билиб-билмай кўп банк муассасаларининг зиён кўришига сабаб бўлмоқда.

 Чунончи, “BT” масъулияти чекланган жамияти ва “Банк” ўртасида
2019 йил 25 апрелда тузилган ипотека шартномаси асосида “BT” МЧЖ ўзига тегишли бўлган кўчмас мулк объектини кредит шартномасининг таъминоти сифатида гаровга тақдим қилган.

  Суднинг иш бўйича берган 2021 йил 24 сентябрдаги ижро варақасига асосан жавобгар “BT” МЧЖ ҳисобидан даъвогар “Банк” фойдасига
120 171,74 АҚШ доллари миқдоридаги кредит тани ва фоизидан бўлган қарздорликни ҳамда 19 600 сўм почта харажатини ундириш ҳамда ундирув “BT” МЧЖ га тегишли шартномада қайд этилган манзилда жойлашган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчаси бино ва иншоотларига ва темирчилик устахонаси бино ва иншоотларига ҳамда тугма тўқиш ускуналарига қаратилган.

Мазкур суд ҳужжатига мувофиқ Бюронинг Қўқон шаҳар бўлими томонидан 2021 йил 27 сентябрда ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, давлат ижрочиси томонидан 2021 йил 11 октябрда далолатнома тузилган ва гаровга қўйилган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчаси бино ва иншоотлари хатланган.

Давлат ижрочисининг 13 октябрдаги қарори билан гаровга қўйилган мол-мулк электрон-онлайн аукционда сотиш учун чиқарилган, бу ҳақида жавобгарга хабарнома юборилган.

 Гаровга қўйилган мулк электрон-онлайн аукционда сотилмаганлиги учун  2021 йил 20 декабрь куни такрорий электрон онлайн-аукцион савдоларига сотиш учун чиқарилган бўлса-да, бироқ мулклар такрорий электрон онлайн-аукционда ҳам реализация қилинмаган.

Шундан сўнг, даъвогар “BT” МЧЖ жавобгар “Банк”га нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, тарафлар ўртасида 2019 йил 25 апрелда тузилган ипотека шартномасининг даъвогарга тегишли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчаси бино ва иншоотларини гаров таъминоти сифатида тақдим қилиш қисмини бекор қилишни сўраган. 

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 281-моддасининг олтинчи қисмига кўра, агар гаровга олувчи гаров нарсасини ўзида олиб қолиш ҳуқуқидан такрорий кимошди савдоси амалга ошмаган деб эълон қилинган кундан эътиборан бир ой ичида фойдаланмаса, гаров тўғрисидаги шартнома бекор қилиниши, ушбу Кодекснинг 283-моддаси биринчи қисмининг
4-бандига кўра, гаровга қўйилган мол-мулк реализация қилинган тақдирда, шунингдек уни реализация қилиш мумкин бўлмаган тақдирда гаров бекор бўлади. Ипотека тўғрисидаги шартнома рўйхатдан ўтказилган реестрда ипотека тугатилганлиги тўғрисида белги қўйилган бўлиши керак.

Шунингдек, “Ипотека тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 43-моддаси, олтинчи қисмига кўра, агар ипотекага олувчи такрорий кимошди савдоси амалга ошмаган деб эълон қилингандан кейин бир ой ичида гаровга қўйилган мол-мулкни ўзида қолдириш ҳуқуқидан фойдаланмаса, ипотека тугатилади.

Ишни кўриш давомида “Банк” томонидан гаров нарсасини ўзида олиб қолиш ҳолатларига оид бўлган нормаларга қонунчиликда белгиланган муддатларда риоя қилинмаганлигини аниқланган.

Судлов ҳайъати ишни кўриш жараёнида тарафлар ўртасида 2019 йил
25 апрелда тузилган ипотека шартномасининг даъвогарга тегишли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчаси бино ва иншоотларини гаров таъминоти сифатида тақдим қилиш қисми қонун талабига кўра бекор қилинганлигини қайд этган.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг
200-моддасига мувофиқ, ишни кўриш вақтида давлат органининг ёки бошқа органнинг, юридик шахснинг, мансабдор шахснинг ёки фуқаронинг фаолиятида қонун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган тақдирда, уларнинг ишда иштирокидан қатъи назар, суд хусусий ажрим чиқаришга ҳақлидир. Хусусий ажрим билан суд тегишли органдан ёки мансабдор шахсдан қонун ҳужжатларининг бузилишида айбдор бўлган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани ўзларининг ваколатига мувофиқ кўриб чиқишни талаб қилиши мумкин. Хусусий ажрим тегишли давлат органларига ва бошқа органларга, юридик шахсларга, мансабдор шахсларга, фуқароларга юборилади, улар кўрилган чоралар тўғрисида бир ойлик муддатда судга хабар қилиши шартлиги белгиланган.

Судлов ҳайъати ишни кўриш натижаларига кўра, “Банк” филиали мансабдор шахслари ва тегишли масъул ходимлари зиммаларига юклатилган вазифаларни амалга оширишда ўз хизмат вазифаларига масъулият билан ёндошмаган, мансаб (меҳнат) мажбуриятларини лозим даражада бажармаган, шунингдек ижро интизоми талабларига риоя этмаган, деб топиб уларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда жавобгарлик масаласини ҳал этиш учун хусусий ажрим чиқарилди.

Кўриниб турибдики, қонунчиликка эътиборсизлик банк-кредит ташкилотларини юқорида кўрсатиб ўтилган салбий ҳолатларга олиб келиши ва кредит маблағларини қайтариш хавфини ошириши мумкин. Бундай ҳолатларни имкон қадар олдини олиш учун эса ходимларнинг мунтазам равишда ҳуқуқий билимини ошириб бориш, ўз хизмат вазифаларига сидқидилдан ёндошишни талаб этиш орқали амалга ошириш лозим бўлади.

         Шунингдек, кредит олувчи, гаровга қўювчи, кафил ва бошқа шахслар ҳам кредит қарздорлигини келишилган муддатида қайтарилишини таъминламаган тақдирда, судда ва мажбурий ижро органларида уларга нисбатан иш кўрилиб,қарздорликдан ташқари қўшимча равишда давлат божи, суд харажати, ижро йиғими, жарима каби ортиқча тўловлар юклатилиб ундирилишига ва эгалигида бўлган мол-мулклардан айрилишига олиб келиши, халқимизнинг оддий тили билан айтганда касодга учраши мумкинлигига жиддий эътибор қаратишлари зарурдир.

Зеро кейинчалик,қонунларни билмаслик жавобгарликдан озод қилмайди.

Алишер МАДАМИНОВ,

Фарғона вилоят суди раиси ўринбосари.