Юртимиз узра янгиланиш, яшнатиш фасли баҳор кезиб юрибди. Қаерга боқманг, баҳор нафаси уфурган гўзалликка кўзингиз тушади. Обод ва фусункор диёрга Наврўз кириб келди. Маҳаллалар, кўчалар, хонадонларда халқимиз Наврўзни шоду хуррамлик билан нишонламоқдалар.
Ана шу байрамларга уланган Наврўз шодиёналари эрта тонгда «Келажак» тўйхонасида ташкил этилган тўкин дастурхон атрофидаги издиҳом билан бошланди. Байрам дастурхонига меҳнат фахрийлари, фаоллар таклиф этилдилар. Улуғларимиз юртимизга тинчлик, деҳқончиликларимизга барака тилашиб, дуо қилдилар.
Тадбирнинг бадиий қисми туманимиз марказидаги ўйингоҳда катта тантана билан ўтказилди. Байрам тадбирини туман ҳокими Й.Бойигитов очиб берди. Ҳоким ўз сўзида Наврўзнинг таoрифини келтириб, шундай деди:
— Она диёримизга барчамиз орзиқиб кутган Наврўзи олам қадам қўйиши билан ҳар биримиз ёнатрофимиздаги мавжудоднинг уйғониши, куртаклар ва гул-чечаклар очилиши, еру кўк бағрида юз бераётган ўзгаришлардан, баҳор нафасидан баҳраманд бўламиз. Биз ҳам она табиатнинг бебаҳо бўлаги эканлигимизни ҳис қиламиз. Айни шу паллада бу осуда ҳаётнинг ҳар куни қадрига етиб, шукроналик ҳисси билан яшаш кераклигини яна ва яна бир бор англаймиз.
Ана шу улуғ айём —шарқона янги йил билан барчангизни чин қалбимдан самимий табриклайман. Мана шу қутлуғ кунда сиз азизларга сиҳат-саломатлик,бахт ва омад, оиларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.
Шу кунларда юртимиздаги азиз инсонлар бир-бирларини қутлаб, муқаддас байрамимизни шоду ҳуррамлик билан нишонламоқдалар. Дошқозонларда сумалаклар пишириб, дастурхонларга баҳор неoматларини тортиб, шу ёруғ кунларга етказгани учун Яратганга шукроналар айтмоқдалар.
Аждодларимиздан мерос бўлган, неча минг йиллардан буён завол кўрмай келаётган Наврўз оддий байрамлардан эмас. У борлиқни янгилайди, яшнатади, гўзаллик яратади. Унинг муқаддаслиги шундаки, у Аллоҳнинг энг олий мавжудоди бўлган инсонга орзу-умидлар бахш этади.
Ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва мурувват кўрсатиш, табаррук кексаларимизни йўқлаш, ногиронлар, ёрдамга муҳтожлар ҳолидан хабар олиш, ҳашарлар ўтказиб юртимизни янада обод қилиш каби ишларимиз қутлуғ байрамимиз Наврўзнинг файзига файз қўшади.
Шундан сўнг тадбирнинг бадиий қисми бошланди. «Ёзёвон наволари» ашула ва рақс дастаси хонанда ва созандалари Ватанни, баҳор ва муҳаббатни олқишловчи қўшиқлар ижро этдилар.
28-болалар мусиқа ва санoат мактаби ўқувчиларининг чиқишлари ранг-баранг бўлди. Айниқса улар ижросидаги аския пайрови қатнашчилар қалбига хушкайфият бағишлади.
Ёшларнинг севимли хонандаси Жўрабек Қодиров куйлаганда ўйингоҳга тўпланган мухлислар яйраб рақсга тушдилар. Шунингдек, «Денгиз», «Парвоз» гуруҳлари, Отабек Имомов, Элёр Маҳмудовнинг қўшиқлари олқишларга сазовор бўлди.
Халқимизнинг севимли хонандаси Отабек Муҳаммадзоҳиднинг чиқишларини бутун ўйингоҳ олқишлаб турди.
Туман марказидаги боғда турли атракционлар ташкил этилиб, болажонлар яйрашди. Наврўз тантаналарида мактаблар, мактабгача таoлим муассасалари турли кўргазмалар билан иштирок этдилар. Шу куни савдо павилонлари, хусусий овқатланиш шохобчалари одамлар хизматида бўлдилар.
Туманимизнинг турли гўшаларида Наврўз тантаналари давом этмоқда.
«Марказий Фарғона» мухбирлари.