- Жамият, Туман янгиликлари, Қарор ва ижро   920

15 НАФАР ФУҚАРОГА 178,5 МЛН СЎМ САРФЛАНМОҚДА

Юртимизда эҳтиёжманд, кам таъминланган, ёрдамга муҳтож оилалар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
Туман ҳокими Дилшоджон Джалиловнинг қабулларида 15 нафар шундай уй-жойларини таъмирлашга муҳтож фуқаролар борлиги аниқланиб, ҳаққоний ҳолат ўрганилиб, қурилиш ишлари бошлаб юборилганди.
Ҳозирда ушбу фуқароларнинг уйларида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Айримларининг уй-жойи деярли яшаш учун тайёр ҳолатга келтирилди.
Қорасой МФЙ Қорасой кўчасида яшовчи Муқаддасхон Мўминова хонадонига борганимизда бунга гувоҳ бўлдик. Икки хонали янги уй қуриб-битказилиб, томи ёпилибди. Хонадон эгасининг хурсандчилиги чексиз. Уйнинг қурилишига бош бўлган барчани дуо қилди.
– Мана уй ҳам битай деб қолди, – дейди Муқаддасхон. – Худо хоҳласа мустақиллигимизниг 30 йиллик тўйига тўёна бўлади. – Уй тўлиқ битгач, ўғлим Элёрбекни мана шу янги уйга уйлантираман, – деди.
Бизга ҳамроҳ бўлган МФЙ раиси Замира Ходжаева бу яхши ниятларга тилакдош бўлди.
Маълумот ўрнида, туманимизда 15 нафар фуқаронинг уй-жойини таъмирлаш учун 178 млн. 521 минг сўм сарфланмоқда ҳамда ҳомийлар томонидан қурилиш ашёлари учун ёрдам кўрсатилмоқда.

Раҳматилло ШОДМОНОВ.

Маҳмуджон ОЛИМОВ олган сурат.