- Жамият, Ислоҳот, Иқтисодиёт, Турфа олам, Қарор ва ижро   1 392

2021 ЙИЛДАН ПАХТА ВА БУҒДОЙНИНГ ДАВЛАТ ХАРИДЛАРИ БЕКОР ҚИЛИНИШИ МУМКИН

Ўзбекистонда Фермерларга маҳсулот етиштириш ва бозор танлашда тўлиқ эркинлик беришни назарда тутувчи янги стратегия лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ушбу стратегияда 2021 йилдан пахта ва буғдойнинг давлат харидлари бекор қилиш назарда тутилган. Бу ҳақда “togri.uz” интернет нашри шундай хабар бермоқда.

Ушбу қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегия лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Стратегияда пахта ва буғдой етиштириш, ҳосилни сотиш ва қайта ишлаш жараёнларини давлат томонидан назорат қилишни босқичма-босқич камайтириш кўзда тутилган. Шунингдек, лойиҳа қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг барча турларини диверсификация қилишни назарда тутади.

Бундан ташқари, моддий-техник ресурслар, хизматлар ва маҳсулотни қайта ишлаш соҳасидаги стратегик аҳамиятга эга бўлмаган давлат корхоналари хусусийлаштиришга берилади.

“…Давлат раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватланаётган Стратегияни ишлаб чиқувчиларнинг асосий эътибори фермерларни, ишлаб чиқарувчиларни ва агросаноат корхоналарини экинлар ва бозорларни танлашда тўлиқ эркинлик билан таъминлайдиган секторни тартибга солишга қаратилган. Аммо бу ўринда гап соҳада маҳсулдорликнинг ошишини таъминлайдиган механизмларни босқичма-босқич жорий этишга ўтиш ҳақида бормоқда. Чунки узоқ йиллар давомида кўплаб фермер хўжаликлари ва инфраструктура тўлиқ ҳолда муайян қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришга йўналтирилган, маҳсулотларни сотиш билан эса давлат шуғулланиб келган…», деди Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев журналистлар билан учрашувда.

Стратегияда 2020 йилда давлат буюртмаси фақат қолипли нон ишлаб чиқариш бўйича амалга оширилиши, шунингдек дон бозорига аралашув жамғармасини ташкил этиш кўзда тутилган.

2021 йилдан барча қишлоқ хўжалиги экинлари учун бозор нархига ўтиш режалаштирилган, шунингдек пахта ва буғдойнинг давлат харидлари бекор қилиниб, пахта ва буғдой аралашув фондини сақлаб туриш учун фақат кластерлар орқали амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ташаббуси билан тайёрланган Стратегияни ишлаб чиқишда Жаҳон банки, Европа Иттифоқи делегацияси ва бошқа халқаро ташкилотлар экспертлари, шунингдек республиканинг манфаатдор вазирликлари мутахассислари иштирок этган.