Риштонлик Саиджон Аҳмедовнинг кулолчилик касбини шарафлаб келаётганига ҳам йигирма беш йил бўлди.
2009 йили якка тартибдаги тадбиркор ҳунарманд сифатида мустақил иш бошлаган Саиджон 2015 йили «Саид С керамикс» номли оилавий корхонани ташкил қилди. Ҳозирги кунда корхонада 12 нафар ҳунарманд меҳнат қилмоқда.
Республикамизда туризмни ривожлантиришга катта эътибор берилаётганини инобатга олган Саиджон 2016 йили уйида 10 нафар меҳмон учун 5 хонадан иборат, барча қулайликлари бўлган мўъжазгина меҳмонхона ташкил қилди ва бу билан яна 6 та иш ўрни яратди.
Яқинда тадбиркор Саиджоннинг ташаббуси билан яна бир хайрли ишга қўл урилди. Хорижлик сайёҳларнинг қизиқишлари эътиборга олиниб, уларни тумандаги маҳаллалар билан ҳам танишишлари ташкил қилиняпти.
Саиджон Аҳмедов ўтган йиллар давомида ҳунармандчиликка бағишлаб ўтказилган жуда кўплаб анжуман ва халқаро кўргазмаларида қатнашди. 2015 йили «Ташаббус – 2015» кўрик- танловининг туман ва вилоят босқичларида иштирок этиб, биринчи ва республикада фахрли учинчи ўринни эгаллади. 2012 йили Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида бўлиб ўтган Ўрта Осиё халклари ҳунармандлари кўргазмасида илк маротаба шахсий кўргазмасини ташкил қилди.
2016 йили Украинада бўлиб ўтган «Хент мент Украина» Ҳунармандлар анжуманида, Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида бўлиб ўтган ўзбек-қирғиз дўстлиги фестивалида, 2017 йили Германиянинг Мюнхен шаҳрида ўтказилган Бутунжахон ҳунармандлар кўргазмасида, 2018 йили Латвияда, шунингдек, Москва ва Белоруссиядаги анжуманларда ҳам иштирок этиб, турли совринлар билан қайтди.
Зайлобиддин ЙИГИТАЛИЕВ.