Кўпчиликнинг хабари бор, жорий йилнинг 1 июнь куни туман марказида жойлашган 1-“Кичкинтой” мактабгача таълим ташкилотининг янги замонавий биноси очилишига бағишланган тантана бўлганди.
Тантанага ташриф буюрган меҳмонлар, ота-оналар 240 нафар болажон учун давлат бюджетидан ажратилган 3 милллиард 460 миллион сўмга Машҳурбек Мўминов раҳбарлигидаги “Эффект-инженеринг” МЧЖ қурувчилари томонидан қуриб битказилган кўркам бинодан беҳад шодланган эдилар.
Орадан қарийб уч ой вақт ўтдики, муассаса ўз иш фаолиятини бошлагани йўқ. Ҳануз 240 нафар тарбияланувчи ота-оналар “қўлида” қолмоқда. Бу, албатта, кичкинтойлар ота-оналарининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Журналистик суриштирувимиз давомида, муаммо сабабларини ўргандик. Суриштирув жараёнида муассаса ҳудудига алоҳида 100 КВ.ли “ТП” олиб келиб ўрнатилди. Эндиликда қурилмани юқори кучланишли тармоққа улаш ишлари туман Электр тармоқлари унитар корхонаси зиммасида қолди.
Яна бир асосий муаммолардан бири, муассаса янги ошхона жиҳозлари билан таъмин этилмаганлигидир. “Эффект-инженеринг” МЧЖ раҳбари М.Мўминовнинг ваъдасига кўра, ошхона жиҳозлари 25-августгача тўлиқ олиб келтирилади.
Бахтиёр ЖОЛЧУЕВ,
“Марказий Фарғона” махсус мухбири.