Мустақил демократик йўлдан дадил одимлаётган Ўзбекистоннинг асосий мақсади, аввало, ҳалқимиз манфаатлари кўзланган ислоҳотларни амалга оширишга қаратилгани билан эътиборлидир. Зеро, давлатнинг мазкур вазифаси Конституциямизда ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.
Жумладан, Бош Қомусимизнинг 2-боб 13-моддасида “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, улрга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсизҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва Қонунлар билан ҳимоя қилинади” дб белгиланган.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда қонунийликни мустаҳкамлаш ва одил судловни таъминлашга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Сўнгги олти йилда суд тизимига оид элликдан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Амалдаги қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Таъкидлаш керакки, суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилишнинг яқин келажакдаги устувор йўналишлари 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ўз ифодасини топди.
Президентимизнинг 2023 йил январь ойида имзоланган “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ҳамда “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонлари тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишни назарда тутиб, одил судловни таъминлаш билан боғлиқ устувор йўналишларни белгилаб берди.
Мазкур Фармонларда белгиланган вазифаларни ҳаётга тадбиқ этилиши судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суд ишларини юритишни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш, аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Бу жиҳатдан, маъмурий суд тизимида амалга оширилиши назарда тутилган ислоҳотлар муҳим ахамиятга эга.
Жумладан, давлат органлари қарорлари ва мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари устидан фуқароларнинг судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатини амалга оширишни таъминлашга хизмат қилаётган маъмурий судлар фуқаролар, шу жумладан, тадбиркорликнинг суд ҳимоясига эришиш даражасини оширди.
Мисол учун 2017-2022
йилларда маъмурий судлар томонидан
87 мингдан ортиқ ариза (шикоят) кўриб чиқилиб, уларнинг 62 фоизи
қаноатлантирилган. Жумладан, ҳокимларнинг 7,5 мингдан ортиқ қарорлари ноқонуний
деб топилган ҳолда фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари тикланган.
Бугунги кунда давлат органлари билан муносабатларда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш муҳимдир.
Албатта, ҳар қандай жамиятда адолат мезони-фуқароларининг ҳуқуқ-эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиниши қай даражада кафолатланганлиги билан бевосита боғлиқдир. Адолат эса, фақат мустақил суд ҳокимияти томонидан таъминланади.
Шу билан бирга “Янги Ўзбекистон – янги суд” тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштиришни, соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этишни талаб этмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда суд тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти қуриш йўлидан бораётган Ўзбекистон Республикаси учун тарихий аҳамиятга эга жараён ҳисобланади.
Б.ЮЛДАШЕВ,
Фарғона вилоят маъмурий суди судьяси.
М.УСМОНОВ,
Фарғона вилоят маъмурий суди судья катта ёрдамчиси.