Бугунги кунда вилоят, туман нашрлари фаолияти нечоғли оғир кечаётганини барчамиз биламиз. Айниқса, марказий ва айрим тармоқ нашрларини хусусийлаштириш ишлари ҳақидаги гап-сўзлар аксарият журналистлар фаолиятига салбий таъсир қилмасдан қолмади. Бунинг устига, вилоятларда кечаётган жараёнлар, воқеа-ҳодисалар, шунингдек, баъзи камчилик ва муаммолар тўғрисида танқидий-таҳлилий материалларни бугунги зукко муштарийлар дидига мос даражада тайёрлаш ҳам осон иш эмас.
Аммо ўз касбига фидойиларча ёндашиб, соҳанинг қаттиқ бўлса-да, ҳалол ва тотли нонини еяётган журналистлар, нашрлар талайгина. Фарғона вилоятининг чекка туманларидан бири – Ёзёвонда чоп этилаётган “Марказий Фарғона» газетаси бунга мисол бўла олади. Йиллар синовидан ўтган ушбу нашр неча йиллардан буён аҳолининг ҳуқуқий-маънавий даражаси ошишига ўз ҳиссасини қўшиб келаётгани билан вилоят, республика миқёсида кўп бор эътироф этилган.
Газета тарихига назар солинса, дастлаб, 1953 йилда “Колхозчи» номи билан чоп этилган. Газетага Иброҳимжон Халилов муҳаррирлик қилган. Газета Марғилон шаҳрида босиларди. Ўша даврда ишлаган отахонлар 1500 нусхада чиққан биринчи сонини Ёзёвонга пиёда, қўлда кўтарганча олиб келинганлигини халигача эслашади. 1962 йилда Тошлоқ, Ёзёвон, Қўштепа, Фарғона, Қува, Қувасой туманлари нашрлари бирлаштирилиб, ягона бирлашма тузилгач, “Ленин йўли» номи билан чиқа бошлаган.
1990 йилдан бошлаб яна алоҳида Ёзёвон тумани нашри сифатида чоп этилган. Худди ўша вақтларда газетанинг радиоахборот бўлими ҳам фаолиятини бошлаган. 1990 йил якунларига кўра, бу нашр республика туманлари газеталари ўртасида ўтказилган “Энг яхши туман газетаси» кўрик-танловида ғолиб бўлган.
“Марказий Фарғона» газетасида жамоа аъзолари бир ақидани ўзларига мақсад қилиб олишган, яъни, таҳририятда халқнинг ҳуқуқий ва маънавий онгини юксалтириш, миллий анъана ва қадриятларга ҳурмат ҳамда мустақилликни мустаҳкамлаш сари интилиш ҳисси устувор саналади. Бир вақтлари газета-журналларнинг олд саҳифасида “Бутун дунё пролетарлари бирлашингиз!» деган шиор бўларди. “Марказий Фарғона» газетаси илдамлаб, юқоридаги гапнинг ўрнига, ўзбекча “Ассалому алайкум, азизлар!» деган жумлани ёзиб қўйган эди. Бу эса вилоятда катта муҳокамаларга сабаб бўлганини ҳали-ҳали гапириб юришади.
Орадан бир йил ўтиб юртимиз мустақилликка эришгач, яратила бошланган кенг имкониятлардан фойдаланган газета янада тараққий этди. 1992 йил газета таҳририятида бош муҳаррир Умаржон Исмоилов ташаббуси билан “Ҳамроҳ» илова сони ва “Ижодкор» кичик корхонаси ташкил этилди. Бу корхонада севимли шоирларимиз Муҳаммад Юсуфнинг «Эрка кийик», Ўткир Раҳматнинг «Райхон ҳиди» ҳамда “Ёзёвонлик олимлар», “Ёзёвоннома», «Ёзёвон наволари» сингари китоблар чоп этилди.
1994 йилга келиб, газетанинг “Ҳамроҳ» илова сони республика бўйлаб тарқайдиган алоҳида газета сифатида ажраб чикди. 1995 йилдан бошлаб “Марказий Фарғона»га қўшимча “Марказий Фарғона+» тижорат газетаси ташкил этилди ва водий бўйича тарқала бошлади.
Бугунги кунда ҳам “Марказий Фарғона» вилоятдаги газеталар ичида ўз нуфузига эга ҳисобланади. Халқ дардини дадил кўтариши, танқид ва таҳлилдан чўчимаслиги билан кўпчилик эътиборини қозонган. Тумандаги мактаблар ва бошқа турли муассасаларда ўтказилаётган ва олиб борилаётган ишларни ёритиш орқали улар ўртасида соғлом рақобатни юзага келтирувчи воситага ҳамда жамоатчилик ва ижтимоий муаммоларни қаламга олиши билан одамлар дардига малҳамга айланди. Айни вақтда Азимжон Худойқулов бош муҳаррирлик қилаётган газета 3 минг нусхада чоп этилмоқда.
Журналистик фаолиятдан мамнун бўлган муассис – Ёзёвон туман ҳокимлиги газетага катта эътибор билан қарайди. Айни кунларда таҳририятни замонавий янги бинога кўчириш ва ададини 5 минг нусхага етказиш учун тарғибот ишлари олиб борилаётир. Муассис ва таҳририятнинг ўзаро манфаатли ҳамкорлиги боис “Марказий Фарғона» газетаси таҳририяти бир неча бор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти соҳиби бўлган.
“Марказий Фарғона» таҳририяти қошида журналистикага қизикувчи ўғил-қизлар учун “Ёш мухбирлар» маҳорат мактаби ҳамда бадиий адабиётга ихлосмандлар учун “Қалдирғоч» ижодкорлар клуби ташкил этилган.
Ўзим ушбу нашрга бориб, таҳририят фаолияти билан танишиб, юқоридаги фикрларимни битдим. Устозларга ташаккур, юқорида айтганимдай бугун босма нашрларга осон бўлмаган бир пайтда туман газетасининг ўз ўрнига эга бўлиши катта гaп, шундай эмасми?
Камолиддин РЎЗИМАТОВ,
ЎзЖОКУ талабаси.
«HURRIYAT» газетаси 2021 йил 21 апрель сони.