- Жамият, Ислоҳот, Туман янгиликлари   763

БОДРИНГ САЙЛИГА КЕЛИНГ!

Туманимиздаги 27-мактабга авваллари борганимизда таъмирталаб мактаб биноси, хоналари  ҳамда бўш ер майдонига кўзимиз тушарди.

Бугун ушбу мактабга борган одамнинг баҳру-дили яйрайди. Мактаб биноси тўлиқ реконструкциядан чиққан, хоналар ўқув дастгоҳлари билан мукаммал таъминланган.

Яна бу мактабнинг 3 та 2 сотиҳли иссиқхонасини айтмайсизми! Иссиқхоналардаги иккинчи ҳосил, бодринглар етилибди.

–Мактабимиздаги бу ўзгаришлар жуда тез рўй берди, – дейди мактаб директори Вилоятхон Обиджонова. – Туман ҳокими Дилшоджон Джалилов ҳоким бўлиб тайинланган дастлабки кунлари мактабимизга ташриф буюрди. Мактабдаги асл ҳолатни кўриб, ўрганиб, мактабда реконструкция ишлари олиб борилиши кераклигини айтди. Яна мактабдаги 1 дона 2 сотиҳли қаровсиз иссиқхонамизни ўрганди. Иссиқхонамизнинг плёнкасини туман ҳокимлигининг маблағлари ҳисобидан олиб берилишини ва ёнига яна шундай 2 та иссиқхона барпо этилишини айтди. Шу кундан иш бошланиб, мана янги ўқув йилидан шаҳар мактабларидан қолишмайдиган мактаб ва синф хоналарида ўқув жараёнларини бошладик. Иссиқхоналаримизда мана иккинчи ҳосил мўл бўлди. Энди бу деҳқончиликларимиздан тушган даромадни мактаб кутубхонасига китоблар, мактабда ўтказиладиган тадбир, кўрик-танлов ғолибларига қимматбаҳо совғалар учун сарфлашни мақсад қилганмиз. Бу ишларнинг жадал суратларда олиб борилишида бош бўлган туман ҳокимига мактабимиз жамоаси номидан миннатдорчилик билдирамиз.

Ҳа, биз ҳам мактабдаги ўзгаришларни кўриб, қувондик. Айниқса, иссиқхонада етилган бодрингларни. Буни кўриб, қолган мактабларга ҳам бир келинг, бодринг сайлига, тажриба алмашиб, ўрганиб кетасизлар, деймиз.

Раҳматилло ШОДМОНОВ.