- Жамият, Туман янгиликлари, Турфа олам   219

ЕРДАН ДАРОМАД ТОПАЁТГАНЛАР

Президентимиз томонидан ишсиз бўлган аҳоли қатламини, айниқса ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда иш ўринларини яратиш мақсадида қишлоқ хўжалиги ерларидан аукцион орқали уларга ажратиб берилмоқда. Туманимизда ҳам бу имкониятлардан унумли фойдаланаётганлар талайгина топилади.

Бир ой илгари Қорасой МФЙда яшовчи ака-ука Абдураҳмоновлар оиласи 60 сотих ер майдонида карам экканлари ҳақида хабар берган эдик. Ҳозирда экилган карамдан 15 млн. сўмлик сотиб, даромадга киришди. Ҳали далада ҳосил бор. Карамга пешма-пеш харидор келяпти.

Маҳаллада ана шундай миришкорлардан яна бири Қўшақали Холқуловдир. У 15 февралда иссиқхонага қовуннинг “Дагари” навини экиб парваришлади. 25 мартда очиқ майдонга қовун кўчатларини плёнка остига эккан. Ҳозирда қовунлар ҳамаклаб ётибди.

– Бу йил бизга тажриба бўлди, – дейди Қўшақали. – Кейинги йилга қовунни бунданда эрта етиштиришга ҳаракат қиламиз. Ҳозирда парваришлаётган қовунларимиз 15-20 кунларда пишади. Қовун сайлига келаверасизлар.

Туманимизда бундай ердан унумли фойдаланаётганлар сони ортаверсин, дея ёш деҳқон билан ҳайрлашдик.