- Жамият, Маънавият, Туман янгиликлари, Қарор ва ижро   466

МАЪНАВИЯТЧИЛАР СЕМИНАРИ

40-мактабда мактаб директорларнинг маънавий-маърифий ишлари бўйича ўринбосарлари иштирокида семинар бўлиб ўтди.

Семинарга туман ҳокимлиги, мудофаа ишлари бўлими,  ижодкорлар таклиф этилдилар.

Тадбир аввалида ўқувчи-ёшлар ватанни мадҳ этувчи куй, қўшиқ ҳамда рақс ижро этдилар. Мактабнинг “Ёш гвардиячилар” синфи ўз чиқишларини намойиш қилишди.

Тадбирни туман ҳокими ўринбосари Шероз Мирзалиев очиб, юртимизда  маънавият, таълим-тарбияга берилаётган юксак эътибор ҳақида гапирди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан 2024 йил 26-28 апрель кунлари Тошкент шаҳрида “Умумтаълим мактабларида тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш, тизимли муаммолар ва уларни бартараф этиш, истиқболдаги режалар” мавзусида 3 кунлик ўқув-семинарда 15-мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлари бўйича ўринбосари Назокат Умарова иштирок этиб келди. 3-4 май кунлари барча туман, шаҳарларда семинарнинг иккинчи босқичи ўтказилиши белгиланган эди.

Н.Умарова Тошкентда ташкилланган ўқув-семинардан олган билим ва тажрибаларини йиғилганларга ўртоқлашди.

Ўқув-семинарда Давлат раҳбари томонидан 2023 йил 22 декабрда ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган мажлисида белгиланган топшириқларнинг ижросига эътибор қаратилди. Таълим ташкилотларидаги ўқувчи-ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ва жамиятда бўлаётган ўзгаришларга дахлдорлик ҳисси асосида тарбиялаш бўйича ҳамкор ташкилотлар билан амалга ошириладиган вазифалар аниқ белгилаб олинди.

Тадбирда мудофаа ишлари бўлими бошлиғи Умиджон Жўраев, 4-мактабнинг маънавий-маърифий ишлари бўйича ўринбосари Гулбаҳор Абдуллажонова, 15-мактаб тарих фани ўқитувчиси Абдураҳмон Мирзаев ўзларининг маърузалари билан қатнашишди.

Улар ёшларнинг ватанга бўлган муҳаббатларини ошириш, Армиямизнинг бугунги салоҳиятига, жадид боболаримизнинг миллатни бирлаштириш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш учун кўрсатган жонбозликлари, миллатнинг маънавий қиёфаси шаклланишида мактабларнинг ўрни ва аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтишиб, мавзуга оид видеороликлар намойиш қилишди.

Семинарда фарзанд тарбиясида ота-оналарнинг масъулияти, мактаб билан ҳамкорлик масалалари, бунда маҳалла институти, нуронийлар, оила ва хотин-қизлар ҳамда ёшлар ташкилотлари, “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликни тўғри йўлга қўйиш тушунтирилди.

Семинардан кўзланган мақсадга эришилди.