- Турфа олам   225

Қовун пашшаси ҳамда унинг полиз маҳсулотларига етказадиган зарари

Қовун пашшаси катталиги 5,5-6,5 мм узунликда, сарғиш-қўнғир рангда  бўлиб қанотларида 3 та сарғиш чизиқлар мавжуд. Осиёда Афғонистон, Ироқ, Сурия, Исроил, Ливан, Миср, Озарбайжон, Покистон, Туркия, Ҳиндистон, Эрон ва Ўрта Осиё республикаларида кенг тарқалган. Ушбу зараркунунда ҳашарот ҳамда унинг личинкалари полиз маҳсулотлари айниқса қовун экинига катта зарар етказиши, ҳамда қисқа фурсатда бутун дала майдонларини зарарлаши  билан карантин назоратга олинган.

 Пашша личинкалари қовун этини еб, тамомила яроқсиз қилиб қўяди. Бу тур қовунни мавсум давомида мева тугишидан то пишиб этилгунга қадар зарарлайди. Одатда пашша теккан қовунлар ирийди.  Тарвуз, қовоқ, ёввойи қовун ҳам пашша личинкаларидан қисман зарарланади.

Қовун пашшаси янги минтақаларга асосан личинкалик стадиясида (шу личинкадан зарарланган қовун ва тарвуз билан) ўтади. Қовун пашшаси полиз тупроғининг юза қатламида ғумбаклик стадиясида қишлайди. Тупроқ ҳарорати 20°С дан паст бўлмаганда ғумбакдан пашша пайдо бўлиб, юзага чиқади. Эркак ва урғочи пашшалар қовун ва тарвуз шираси билан озиқланади. Урғочи пашша қовун билан тарвузни тухум қўйгичи билан тешади. Пашша ғумбакдан чиққач 6-7 кундан кейин тухум қўя бошлайди; тухум қўйиш бир ойгача чўзилади. Урғочи пашша тухумларини қовун-тарвуз пўстининг остига (айниқса қовунга) қўяди: пашша қовун-тарвузни тухум қўйгичи билан тешиб, унга битта тухум қўйиб кетади. Бир қовун ёки тарвузга бир неча тухум қўйиши мумкин. Урғочи пашша умрида 100-200 та тухум қўяди. 2-7 кундан кейин тухумдан чиққан личинкалар қовун-тарвуз эти билан озиқланади. Личинкалар ёзда 8-13 кунда ривожланади, кузда эса ривожланиш            18 кунга чўзилади. Озиқланиб бўлган личинкалар қовун-тарвуздан чиқиб, яқин орадаги тупроқда ғумбакка айланади. Сохта пиллалардан бир қисми (тахминан 27 %) келгуси йил кўкламгача диапаузага киради, қолганларидан эса 13-20 кундан кейин янги насл пашшалари чиқади, улар тез орада тухум қўя бошлайди. Қовун пашшаси йилига 2-3 насл беради, шу билан бирга иккинчи насл ғумбаклари диапаузага биринчи насл ғумбакларидан кўра кўпроқ киради.

 Қовун пашшаси тушган жойлардан бу ҳашарот йўқ жойларга қовун-тарвуз келтиришни таъқиқлаш карантин чораси ҳисобланади. Қовун пашшасига қарши курашда  кимёвий курашиш тадибрларидан қовун гуллаб хамаклаган даврда кечки оқшомда 10 литр сув хисобига Агрофос Д 25-30 г, Энтолучо 20 г, Энтомектин 20-25 г дан 7-10 кун оралатиб қўлланилса зараркунанда пашша ва қуртларига юқори самара беради.

Агротехника чораларидан қовун ва тарвуз уруғларига экишдан аввал кимёвий ишлов бериш, далаларни кузда шудгорлаб қўйиб, қовунни мумкин қадар эртароқ экиб олиш усули қўлланилади. Фермер ҳамда дехқон хўжаликларимизга шуни ҳам айтиш жоизки, полиз маҳсулотлари ҳамда қовун экини етиштириладиган майдонларда ушбу зараркунанда ҳашарот ҳамда унинг личинкаларининг пайдо бўлишини олдини олиш мақсадида Фарғона вилояти Ўсимликлар карантини  ва ҳимояси бошқармаси ҳудудий ҳудудий шаҳар ва туман бўлимлари фитосанитар давлат инспекторлари билан доимо маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш ва керакли  кўрсатма ҳамда тушунчаларга эга бўлиб бориш тавсия этилади.

А.АБДАЗИЗОВ,

Н.ҒАНИЕВА,

Ў.ҲАЙИТОВ,

Фарғона вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Марғилон ва Фарғона шаҳар фитосанитар давлат инспекторлари.