- Қарор ва ижро   1 257

КИМНИНГДИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТНИ ЎТАШИ БОШҚАНИНГ УМРИГА ЗОМИН БЎЛДИ

Т.Иҳтиёровнинг (исм фамилияси ўзгартирилган) қариндошининг ўғли ҳарбий хизматни ўтаб ўз уйига қайтиб келди. Оиладагилар қувонч билан барча яқинларни меҳмонга чақиради. Шу орада Т.Ихтиёровга ҳам қўнғироқ бўлиб, “бизникига кел ўғлим армиядан келди, келсанг яхшигина эрийман”, деган таклиф бўлди. Бундан шодланиб кетган Т.Иҳтиёров дарров машинасини ўт олдириб, қариндошининг уйига йўл олади. Зеро уй унчалик ҳам узоқ эмас. Маишат бўлса спиртли ичимликлар ҳам бўлиши аниқ. Машинани ташлаб пиёда кета қолай, деган ҳаёл миясининг бир четига ҳам келиб қўймайди. Қариндошлар йиғилишиб, спиртли ичимликлар истеъмол қилишади. Бироқ Т.Иҳтиёровга бироз “камлик” қиладими, яна бир шиша олиб келишга аҳд қилади. Атрофдагиларни қайтаришига ҳам қарамай машинани маст ҳолда бошқариб, ароқ олиш учун йўлга тушади. У йўлда машинани маст ҳолда бошқариб кетаётганда йўл четида ҳаракатланиб кетаётган велосипедчини кўрмай қолади ва уни уриб юборади. Кайфи тарқаб, қилиб қўйган ишини кўриб, жароҳатланган шахсга ёрдам бериш ўрнига машинани миниб, воқеа жойидан кетиб юборади. Велосипедчини бошқалар шифохонага олиб боришади. Лекин кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай шифохонада вафот этади.

Жиноят ишлари бўйича туман суди иш материалларини ўрганиб чиқиб, вазиятга ҳуқуқий баҳо бериб, судланувчининг мастлиги, жиноят содир этганидан сўнг ўзини тутишини инобатга олиб, унга тўрт йил озодликдан махрум қилиш жазосини тайинлади. Жабрланувчиларга етказилган моддий ва маънавий зарарлар ўрнини қоплаш учун маҳкумдан ўн беш миллион сўм жабрланувчилар фойдасига ундиришни белгилади.

Бегзод ХАЙДАРОВ,

жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман судининг раиси.