- Ёшлар, Жамият, Маънавият, Туман янгиликлари   1 036

“МАРКАЗИЙ ФАРҒОНА”ЧИЛАРНИНГ ЎҚУВЧИЛАР БИЛАН УЧРАШУВИ

Ёзёвоннинг чекка ҳудудлардан бири – Пинаж қишлоғидаги 20-мактаб 2020 йилда битирувчилари олий ўқув юртига кириш даражаси бўйича 67 фоиз билан туманда иккинчи ўринни эгаллаганди. Бу натижага эришишда албатта мактаб директори ва ўқитувчиларининг роли беқиёс.

Мактабда “Китобхон ҳафталиги” доирасида ўқувчилар “Марказий Фарғона” газетаси ижодкорлари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда мактаб директори М.Отажонов, “Марказий Фарғона” газетаси мухбири Р.Шодмонов, она тили ва адабиёт ўқитувчиси К.Султонова маънавият, маърифат, ўқувчиларнинг онгини оширишда китобнинг ўрни ҳақида яхши гапларни айтдилар.

Маънавий озуқа олишнинг, комил инсон бўлиб етишишнинг бирдан-бир йўли бу китоб мутолаасидир. Инсон камолоти ва билимининг манбаи китоб билан боғлиқ бўлиб, у яхшилик сари етаклайди. Китоб фарзандларимизнинг дунёқарашини бойитади, нутқини ўстириб, хотирасини мустаҳкамлайди. Миллатнинг маънавий-руҳий дунёсини китобга муносабати, китобхонлик даражасига қараб ҳам аниқлаш мумкин. Жаҳон маънавий тараққиётига муносиб ҳисса қўшган аждодларимиз эришган бетакрор ютуқларнинг сабаби ҳам китоб мутолаасидир. Шу боис юртимизда аҳолининг китобхонлик маданиятини юксалтиришга жиддий эътибор қаратилаётгани эътиборлидир.

Семинар очиқ мулоқот тарзида ташкилланиб, ўқувчи-ёшларнинг қизиқтирган саволларига жавоблар қайтарилди.

Учрашув якунида мактаб кутубхонасига “Марказий Фарғона” газетаси жамоасининг миллий ва жаҳон адабиёти намуналари китоб жамланмаси совға қилинди.

“Марказий Фарғона” мухбирлари.