- Турфа олам   19

Мевали кўчатлар экиш меъёрлари ва муддатлари

Ўзбекистоннинг иқлим шароити ва ташкилий ишларга қараб, мева дарахтлари, одатда, кузда ёки баҳорда ўтқазилади. Кузда кўчат ўтқазиш хазонрезгиликдан кейин ноябрь ойи бошларида бошланиб, қора совуқлар тушгунига қадар давом этади. Баҳорда эса кўчатлар куртак ёзгунга қадар тупроқнинг ҳолати ва жойнинг иқлим шароитига қараб, яъни жанубий ҳудудларда 20-25-мартгача, шимолий ҳудудларда 10-15-апрелгача ўтқазилади. Кузда ўтқазиш баҳордагидан кўра қулайроқ, чунки бу давр узоқроқ давом этади. Кузда ўтқазилган кўчатларнинг илдизида қиш давомида каллюслар пайдо бўлади. Улар баҳорда яхши тутиб, тезроқ ўса бошлайди. Шунингдек, қиш илиқ келиб, ҳарорат 0ºC дан юқори бўлган, ер музламаган бўлса, қишда ҳам кўчат ўтқазиш мумкин. Боғ барпо қилишда фақат стандарт талабларга жавоб берадиган соғлом кўчатларгина экилади. Касалланган, шикастланган кўчатлар яроқсиз ҳисобланиб экилмайди. Ўтқазиш майдонига олиб келинган кўчатларнинг илдизларини вақтинча бўлса ҳам очиқ қолдирмаслик, келтирилган заҳоти нам тупроққа кўмиб қўйиш лозим бўлади. Кўчатларни ташиган вақтда уларнинг илдизларига нам брезент ёки похол ёпиб қўйилади. Узоқ масофаларга эса, усти берк транспорт воситаларида ташиган маъқул. Агар кўчатнинг намлиги камайиб қолган бўлса, ҳужайраларни нормал ҳолга келтириш учун 1-2 кун сувга солиб қўйилади. Ўтқазиш олдидан кўчат илдизлари тупроқ билан мол гўнги аралаштириб тайёрланган суюқ лойга ботириб олинади. Бу илдизларни қуриб қолишдан сақлайди. Кўчатни чуқурга қўйишдан олдин, чуқур ўртасига озгина тупроқ солиниб, дўнгча ҳосил қилинади. Сўнгра кўчатни чуқурга қўйиб, кўчат атрофига бир текисда тупроқ ташланади. Тупроқ илдизларга зич ёпишиб туриши учун, тупроқни яхшилаб босиб қўйилади. Кўчат ўтқазишда камида 2 киши бўлиб ишлаш керак. Шунда кўчат ўтқазиш тўғри ва қулай бўлади. Бунда бир киши кўчатнинг илдизларини бир текисда ёйиб, уларнинг тўпланиб ёки букилиб қолмаслигини назорат қилса, иккинчи киши илдизларни тупроқ билан кўмади. Кўчат ўтқазилганда унинг илдизи оғир тупроқли майдонларда ер юзидан 5-6 см, енгил тупроқли майдонларда эса 4-5 см юқори қилиб кўмилади. Сабаби кўчат суғорилиб, тупроқ ўтиргандан кейин унинг илдиз бўғзи ер сатҳи билан баравар бўлиб қолади. Агар ўтқазилган кўчатнинг илдиз бўғзи ер сатҳидан чуқурроқ кўмиладиган бўлса, суғоришдан кейин тана пўстлоғи чириб кетиши мумкин. Бундай дарахтлар узоқ яшамайди, яхши ўсмайди, кам ҳосил беради. Анжир, анор, қора смородина чуқур экилиши мумкин. Чунки, уларнинг танаси чириб кетмайди, аксинча, қўшимча илдиз чиқаради. Кўчатлар ўтқазиб бўлингандан кейин кетма-кет суғориб турилади. Бунинг учун кўчатдан 80-100 см узоқликдан суғориш эгатлари олиниб, ҳар бир кўчатга алоҳида сув кириши учун очиқ жой (тақа шаклида) қолдирилади. Шунда кўчат сувга яхши қониб сув ичади. Биринчи суғоришдан сўнг боғдаги кўчатларни тўғрилиги кўриб чиқилади. Чунки суғоришдан кейин тупроқ ўрнашиб кўчат қийшайиб қолган бўлиши мумкин, ёки суғоришдан сўнг кучли шамол эсган бўлса, қийшайган кўчатлар тўғрилаб чиқилади, деб ўз сўзини тугатди.

А. АБДАЗИЗОВ,

А. БАКИРОВ,

Фарғона вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Марғилон шаҳар ва Қўштепа тумани фитосанитар назорат давлат инспекторлари.