- Қарор ва ижро   1 323

ПОРАХЎР ОСОЙИШТАЛИК ПОСБОНИ

Аввало Яратган, қолаверса давлат томонидан берилган мартаба ҳар кимга ҳам берилавермайди.

Фарғона шаҳар ИИО ФМБ терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўлими одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш гуруҳи катта тезкор вакили лавозимида ишлаб келган Рўзали Йўлчиев ана шулардан бири эди. Лекин у хизмат мавқеидан фойдаланиб, алдаш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш ҳамда пора беришга далолат қилиш жиноятларини қуйидаги ҳолатда қасддан содир этди.

Яъни 2020 йил 19 апрель куни ИИБ ходимлари, шу жумладан тезкор вакил Р.Йўлчиев томонидан ўтказилган “Орият” тадбири давомида Н.Шойдуллаева Фарғона шаҳридаги хонадонида фоҳишахона ташкил этиб, фуқароларнинг жинсий алоқа қилишлари учун шароит яратиб, қўшмачилик қилганлик ҳолати аниқланди. Бу ҳақда тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тергов органига юборилади.

2020 йил 20 апрель куни Фарғона шаҳар ИИО ФМБ ТБ бошлиғи томонидан Н.Шойдуллаевага нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК  131-моддасининг 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатларини олиб бориш терговчи У.Жўраевга топширилган.

Р.Йўлчиев ўзганинг мулкини алдаш йўли орқали қўлга киритиш мақсадида, Фарғона шаҳар ИИО ФМБ терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўлими одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш гуруҳи катта тезкор вакили лавозимида ишлаб келиб, мансабдор шахс бўлгани ҳолда ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, Н.Шойдуллаева билан учрашиб, унга муқаддам судланиб, ҳозирда жазо ўтаётганлиги сабабли қўзғатилган жиноят иши доирасида қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиши мумкинлигини, агар 2 000 АҚШ доллари берса, терговчи орқали унга нисбатан шу турдаги эҳтиёт чорасини қўллатмасдан енгиллик қилишини айтиб, алдаб, уни пора беришга далолат қилади.

Н.Шойдуллаева Р.Йўлчиевнинг хатти-ҳаракатлари ноқонунийлигини англаган ҳолда бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ДХХ Фарғона вилоят бошқармасига ариза билан мурожаат қилади. Аризасида ИИБ ходими Р.Йўлчиев пора талаб қилаётганлигини маълум қилиб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўрайди.

Шундан сўнг, 2020 йил 3 май куни Р.Йўлчиев Н.Шойдуллаева билан Фарғона шаҳар, Қўқон кўчасида учрашади. Унга олиб келган пулидан 500 АҚШ долларини ўзига оид жиноят иши бўйича гаров пулини тўлаши учун олиб қолишини айтиб, қолган 1.500 АҚШ долларини унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллатмасдан енгиллик қилиш эвазига олган вақтида, вилоят прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси ДХХ вилоят бошқармаси ҳамда ИИВ ЎХБ Фарғона вилояти бўйича бўлими ходимлари томонидан ушланади. Р.Йўчиевнинг хизмат автомашинасидан 1 500 АҚШ доллари, Н.Шойдуллаевадан 500 АҚШ доллари ашёвий далил тариқасида олинади.

Оҳир-оқибат осойишталик посбони суд ҳукмига кўра Ўзбекистон Республикаси ЖК тегишли моддаларига асосан икки йил муддатга ички ишлар идораларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, уч йил олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

З.РУСТАМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги чора-тадбирларни мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари.

Р.РАИМДЖАНОВ,

Фарғона вилоят прокуратураси катта терговчиси.