- Жамият, Қарор ва ижро   1 030

СОЙБЎЙИ МФЙДА САЙЁР СУД

Туманда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши кураш ва уларнинг олдини олиш бўйича ички ишлар бўлими, прокуратура, ҳокимият, суд ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда қатор профилактик тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Ўтказилаётган профилактик тадбирларнинг самарасини ошириш, содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш ҳамда келгусида олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида маҳалла фуқаролар йиғинларида сайёр судлар ўтказилиб келинмоқда.  2021 йил 1 июль куни Сойбўйи маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр суд ўтказилиб, суд томонидан ички ишлар бўлими, прокуратура, йўл қурилиш ишларини сифатини назорат қилиш инспекцияси томонидан аниқланган маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича тўпланган ҳужжатлар асосида 26 та маъмурий ишлар кўриб чиқилди. Ушбу маъмурий ишларда жами 35 нафар ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди. Маъмурий ишларни судда кўриш даврида майда безорилик, ички ишлар ходими қонуний талабини бажармастлик, жамоат жойида спиртли ичимлик истеъмол қилиш, енгил шикаст етказиш, ҳақорат, ўзбошимчалик ва бошқа шу каби ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича ҳар бир содир этилган ҳуқуқбузарликка томонларнинг берган кўрсатмалари, ҳуқуқбузарларнинг қилмишидан пушаймонлиги, жамоатчилик фикри ва бошқа ҳолатларни эътиборга олган ҳолда, суд томонидан жазо чоралари қўлланилиб, қонун устуворлиги таъминланди. 4 нафар шахсга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган бўлса, қолган шахсларга қонунда белгиланган санкция миқдорида жарима жазолари ва огоҳлантиришлар эълон қилинди. Бундан ташқари ИИБ пробация бўлими томонидан киритилган тақдимнома асосида 1 нафар аҳлоқ тузатиш ишлари жазосини ўташдан қасддан бўйин товлаган шахснинг ўталмай қолган аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси озодликдан маҳрум этиш жазосига алмаштирилди.    

   Шунингдек, шу куни профилактика инспектори хизмат хонасида онлайн суд ташкил қилиниб, Ўз.Р.МЖтКнинг 1852-моддаси 1-қисми асосида маъмурий иш кўрилиб, фуқаро С.Р.га нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида жарима жазоси тайинланди.   

Р.АРАПОВ,

жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман суди раиси.

Ў.УМАРОВ,

Ёзёвон тумани ИИБ бошлиғининг ўринбосари, майор.