- Жамият, Маънавият, Турфа олам   1 763

ТАЪҚИҚЛАРГА УЧРАГАН БАЙРАМ

Мўътабар ва муқаддас байрамимиз Наврўз  манбаларда 3 минг йилдан зиёд тарихга эга деб кўрсатилади.  Наврўз гарчи диний байрам бўлмасада, уни дастлаб Александр Македонский таoқиқлашга уриниб кўрган. Аждодларимиз  томонидан мукаммал услубда қурилган Ходаркатдаги(ҳозирги Тўрткўл яқинида жойлашган зардўштийлик  дини марказларидан бўлган шаҳар) бош ибодатхонани вайрон қилишга уриниб, уддасидан чиқа олмаганидан кейин Александр Македонский аламини кимдан ва нимадан олишни билмай юрарди. Ходаркатда  нишонланган Наврўз тантаналарини эшитгач,  байрам ташкилотчилари ва у ерда сақланаётган муқаддас Авесто китобини олиб келишга амр этди. У ўз қудратини кўрсатиб қўйиш учун Хоразмшоҳни ҳам таклиф қилди.  Аввал Наврўз ташкилотчиларини дорга осишни буюрди. Сўнгра муқаддас китобни ёқишга амр этди. Шунда устози Арастунинг жияни бўлмиш  Аристобул Наврўз диний байрам эмаслигини, шунинг учун ғоятда катта бойлик саналган китобни ёқса, келажак авлод уни кечирмаслигини айтиб, ҳукмдорни бу йўлдан қайтаради.  Сўнг байрамда кўрганларини Александрга завқ билан ҳикоя қилиб беради.

—Эрта  тонгда аёллар ибодатхона атрофида тўпланиб, чалпак пишириш маросимини ўтказишни бошлаб юбордилар. Бу маросим қадимдан бор бўлиб, одамлар  яхшилик маoбудларига (фаришталарга) илтижо қилиб, юртга тинчлик, омонлик, ҳосилга барака беришини Тангридан сўраб беришлари учун аталган экан. Бир тўда аёллар менга пешвоз чиқиб,  сулидан, маккажўхоридан, буғдойдан, арпадан, турли кўкатлардан тайёрланган таомлардан тотиб кўришни илтимос қилишди. Бу ҳам Наврўзнинг удумларидан бири экан. Агар  йўловчи тансиқ таомлардан тотиб кўришни истамаса, турли ўт-ўланлар илдизларидан қуритиб тайёрланган талқондан бир ёғоч қошиқда ошатишарди.  Кеч тушиши билан одамлар шаҳар ташқарисига чиқишди. Дошқозонлар осилиб, туя, от ва буқа гўштлари қайнай бошлади. Ичкарида фақат сума бўтқаси (сумалак) пишираётган кексалар қолишди. Одамлар «Авесто»даги гот, яшт (шеoр, қўшиқ)лар куйлашиб, тери дўмбираларни чалиб оммавий рақсга тушишни бошлаб юбордилар. Мен ҳам уларга қўшилиб рақсга тушдим.

Аристобулнинг бу гаплари ҳам ҳукмдорнинг Наврўз ҳақидаги фикрларини ўзгартира олмади.

Кейинчалик маҳаллий аҳоли жонини тикиб бўлса ҳам Наврўзни нишонлайверган.

Наврўзга иккинчи бор қарши чиққанлар араб босқинчилари бўлган. Улар Наврўзни гўёки зардўштийлар байрами сифатида баҳолаб,  таъқиқлаш учун   200 йил ҳаракат қилишган.  Лекин аждодларимиз  Наврўзни нишонлашдан қайтмаганлар. Араб халифалари Наврўзни халқ қалбидан чиқариб ташлаш учун ўзларича турли сунoий байрамлар ўйлаб чиқаришган. Халқ ўзининг урф-одатларидан воз кечмаслигини тушунган  араблашган ҳукмдорлар  Наврўзни нишонлашга йўл қўйиб берди.

Охирги марта 1987 йили айрим калта ўйловчи республика марказидаги раҳбарлар Наврўзни диний байрам сифатида кўриб,  номини Навбаҳор деб аташга топшириқ берганлар. Лекин бу калта ўйланган сиёсат узоққа бормади.  Наврўз яна дилимиздан тилимизга кўчиб, халқимизнинг энг қадим, энг мўътабар байрами сифатида нишонлаб келиняпти.

 

Исҳоқжон КАРИМОВ