- Жамият   1 484

ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАР ЮЗ БЕРГАНДА АҲОЛИНИ ЎЗИНИ ТУТИШ ВА ҲАРАКАТ ҚИЛИШ ҚОИДАЛАРИ

Сув тошқини, сел ва кўчкилар.

   Сув тошқини – оғир табиий  офат ҳисобланади. Кучли жала қуйиши, қорларнинг тез эриб кетиши, тўлқин қайтиши ёки дарё устидаги шамолнинг ўзгариши натижасида содир бўладиган дарё сувларнинг тошиб кетиши кўпчилик сув тошқинларнинг сабаби ҳисобланади.

   Агар одамлар биринчи қаватда ёки бошқа қуйи қаватларда яшаётган бўлса, ҳамда кўчада сувнинг сатҳи кўтарилаётганлиги кузатилаётган бўлса, квартирани ташлаб чиқиш зарур, юқори қаватларга кўтарилиш, агар уй бир қаватли бўлса – унинг чордок хоналарини эгаллаш лозим.

   Далада бўлган кишилар тўсатдан сув тошқинига дуч келсалар тепалик жойларни эгаллашлари ёки дарахтларга чиқиб олишлари, турли сузувчи предметлардан фойдаланишлари зарур.

   Сел оқимлари – бу тоғдан оқиб келаётган сув, қум, лой, пайраха, тош майдалари ва ҳатто катта-катта тошлар аралашмасидан иборат оқимдир.

   Кўчкилар тоғ қояларидаги, кўпинча эса дарё ва сув хавзаларидаги мувозанатнинг бузилиши натижасида содир бўлади; уларнинг пайдо бўлишига тупроқ қатламининг ер ости сувлари билан  тўйиниб пластик  ва кўчиш холатига келиб қолиши асосий сабаб бўлади, бунинг натижасида нишаб бўйлаб жуда катта тупроқ массаси ўз устидаги барча қурилма ва иншоотлар билан бирга кўчиб чўкиб туша бошлайди.

   Агар  сел оқими яқинлашиб келаётганлиги хавфининг дастлабки белгилари пайдо бўлиши биланоқ иложи борича тезроқ хонадан чиқиб кетиш ҳамда хафвсиз жойга чиқиб кетиш зарур. Хонадан чиқиб кетаётганда печкадаги оловни ўчириш, газ кранларининг оғзини ёпиш, чироқ ва электр  асбобларини ўчириб чиқиш лозим. Бу ёнғинлар чиқишининг олдини олишга ёрдам беради. 

 А.СОТВОЛДИЕВ,  

Ёзёвон тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими

ФВДТ ва ФМ бўлинма бошлиғи, оддий аскар.