- Турфа олам   292

ФОЙДАЛИ ВА МАЗМУНЛИ БЎЛДИ

Фарғонада Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан “Динлараро ва бир дин ичидаги бағрикенглик масалалари” мавзусида мулоқот ташкилланди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси диний қўмитаси, диний конфессиялар, ОАВ ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этдилар.

Очиқ мулоқотда турли динга эътиқод қилувчилар бир даврада жамландилар. Иштирокчилар юртимиздаги тинчлик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни асраш ва кенг тарғиб қилишда оммавий ахборот воситаларининг роли бунда журналист ва блогерлардан етарли билим ва тажриба бўлиши кераклиги таъкидланди. Шунингдек мулоқотда динлараро муносабатларнинг моҳияти ҳамда вазифалари, бу борада юзага келиши мумкин бўлган зиддиятлар, уларни бартараф этиш  чоралари  тўғрисида ўзаро фикр ва мулоҳазалар билан ўртоқлашдилар.

Бўлиб ўтган очиқ мулоқотда таниқли журналистлар, тренерлар Муҳаммаджон Обидов, Наргис Қосимова, Анора Содиқова, Нодира Алимова иштирокчиларга лойиҳа доирасида қилиниши керак бўлган ишлар ва мавзу юзасидан ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.

Учрашувда Ал-Беруний номидаги Шарқшунослик институти катта илмий ходими, тарих фанлари номзоди Бахтиёр Алимжонов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Археология институти катта илмий ходими Элдор Асанов қатнашиб, дунёвий давлатда диний ташкилотларнинг фаолият юритиши масалалари, муаммолар ва уларнинг ечимлари, динлараро ва бир дин ичидаги муносабатларда бағрикенглик тушунчаси, мамлакатимиздаги турли динлар илдизлари, тарихи ва бугунги кундаги ривожланиши бўйича илмий асосланган маълумотларни баён этдилар.

Ўтказилган мулоқот иштирокчилар учун бирдек фойдали ва мазмунли бўлди.

Раҳматилло ШОДМОНОВ,
“Марказий Фарғона” газетаси мухбири.