- Туман янгиликлари, Қарор ва ижро   1 184

Халқ депутатлари туман кенгаши сессияси

ЁЗЁВОН ҲАММАМИЗНИКИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 1 майдаги “Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори билан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизими жорий этилди. 2020 йилнинг 9 ойи якуни билан ушбу баҳолаш рейтинг натижалари эълон қилинди. Рейтинг натижаларига кўра, Ёзёвон тумани 33 та “қониқарсиз” ҳудудлар тоифасига киритилди.

Туманда 2019 йил якунлари билан асосий иқтисодий кўрсаткичлар натижалари пастлиги, туманда ишсизлик, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишларида вилоят кўрсаткичидан орқадалиги хисоботларда ўз тасдиғини топди.

Ёзёвон туманини “қониқарсиз” ҳудуддан чиқариш учун 2020 йил якуни ҳамда 2021 йил I чорак якунлари билан иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш юзасидан халқ депутатлари туман кенгашининг сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда вилоят ва туман Кенгаши депутатлари, сектор раҳбарлари, тегишли туман ҳокимининг ўринбосарлари, ташкилот ва корхона раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғини раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари  вакиллари қатнашдилар.

Шунингдек, сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Маҳмуджон Парпиев, вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Мирзоҳид Убайдуллаев ҳамда вилоят иқтисодий тараққиёт ва камағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Юсуфжон Хусаинов иштирок этдилар.

Кун тартибидаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 24 сентябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган топшириқлари ижроси юзасидан туман ҳокими, 1-сектор раҳбари Й.Бойигитов тақдимот қилди.

Маърузачи қишлоқ хўжалиги, қурилиш, чакана савдо, хизмат кўрсатиш, экспорт соҳаларида 2017-2020 йилларда амалга оширилган ижобий натижалар ҳақида гапириб:

– Бизнинг оқсоқлигимиз саноат махсулотларини ишлаб чиқариш ва ҳажмларини кўпайтиришда, –деди. –Туманда саноат махсулотларини ишлаб чиқариш 2017 йилда 86.6 млрд. сўмни ташкил этган бўлиб, 2018 йилда 122.4 млрд. сўм яъни 104,5 фоизга ошириб бажарилган бўлсада, 2019 йил якунлари билан 88 млрд. сўмга 71.8 фоизга яъни ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ушбу йўналишда пасайиш кузатилган.

2018-2019 йилларда ижтимоий иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида 142 та лойиҳани ишга туширилиши режалаштирилган. Амалда  106 та лойиҳа ишга туширилди.

Туманда мен бош барча уринбосарларлар,сектор рахбарлари етарли иш олиб бормаганимиз оқибатида асосий иқтисодий кўрсаткичларимиз натижалари пастлиги, қатор соҳаларда вилоят кўрсаткичидан орқада қоляпмиз.

Туманни “қизил” ҳудуддан чиқариш учун чора-тадбирлар тузиб, вазифалар белгилаб олдик.

Жорий йил якунига қадар 12 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилади ва 108 та янги иш ўринлари яратилади.

Туман аҳолиси эхтиёжларидан келиб чиқиб, танланган лойиҳалардан бири “Баҳромбек” фермер хўжалиги қошида “Дон маҳсулотларини қайта ишлашни ташкил қилиш” лойиҳасини амалга ошириш натижасида 20 та кам таъминланган оилалар вакиллари учун янги иш ўринлари яратилиши ҳамда аҳолининг сифатли ун махсулотларига бўлган талабини қисман қондиришга эришилади.

Шунингдек, “Гулистон” кичик саноат зонасидаги умумий қиймати 16 млрд. 580 млн. сўм бўлган 11 та лойиҳаларни ишга тушириш орқали 106 та иш ўринлари яратилади ҳамда йилига камида 10 млрд. 500 млн сўмлик саноат махсулотлари ишлаб чиқариш имкони яратилади.

Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган “»Sab’atu kunuz nur» корхонасида “Қурилиш материаллари” лойиҳасини ишга туширилиши натижасида 2020 йил якунига қадар 855.6 млн.сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши таъминланади.

Туманда жорий йил бюджет даромадлар режаси 65 млрд. 524 млн. сўм бўлиб, йил якунига қадар 68 млрд. 802 млн. сўм бюджет маблағлари жалб қилиш орқали бюджетга қўшимча 3 млрд. 276 млн. сўм маблағлар йўналтирилади.

Йил якунига қадар Бандлик жамғармаси маблағларидан аҳоли томорқаларини ривожлантириш учун 106 нафар фуқарога 356 млн. сўм, жамоат ишларига 712.1 млн. сўм маблағлар сафланиб, жами 900 нафардан ортиқ фуқароларнинг бандлигини таъминланади.

2020-2021 йиллар давомида сув омборининг 1000 гектарида садок усулида балиқ етиштиришни ташкил этиш ҳисобига 30 минг тонна балиқ етиштирилади. Бундан ташқари янги балиқни қайта ишлаш лойиҳасини амалга оширилишини таъминлаш ҳисобига 3000 тонна балиқни қайта ишлаш режалаштирилган.

Юқорида белгилаб олган барча чора-тардбирларни амалга оширилиши натижасида 2485 та янги иш ўринлари яратилади.

Йил якунига қадар саноат махсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 115,6 млрд.сўмга етказилиб, ўтган йилга нисбатан 103.3 % га, қишлоқ хўжалиги махсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йил якунига нисбатан 104.3 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми 128.3 фоизга, хизматлар 103.4 фоизга бажарилишини таъминлаймиз.

Жорий йил якунига қадар янги ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектлари сонини 219 тага етказилади.

Туманда вақтинча иқтисодий фаоллигини йўқотган 65 та корхоналар, шундан саноат соҳасида 29 та, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида 23 та, бошқа сохаларда 13 та субъектларни муаммоларни ўрганиб чиққан холда тегишли тартибда амалий ёрдамлар кўрсатиш ҳисобига фаолияти тикланади.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳисобидан 6 млн 140 минг АҚШ долларлик, ишлаб чиқарилган саноат махсулотлари ҳисобидан 2 млн 130 минг АҚШ долларлик, жами 8 млн 270 минг АҚШ долларлик экспорт амалга оширилишини таъминланади.

Маъруза юзасидан депутат А.Мирзакаримов сўз олиб, “туманни бугунги ҳолатга тушиб қолишига биз депутатлар, катта-кичик раҳбарлар ҳам айбдормиз. Агар ҳар бир депутат биттадан тадбиркор топса, бир ойда 30 нафар тадбиркор қўшилади. Бу ўз-ўзидан туман ривожига ижобий таъсир қилади”, деди.

Депутат М.Мамадалиева ўз сўзида ишсиз аёлларни иш билан таъминлаш, туман рейтингини кўтариш бўйича таклифлар билдирди.

Сессияда сенатор М.Парпиев, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари М.Убайдуллаев сўзга чиқишиб, Ёзёвондаги имконият, айниқса А-373 йўл бўйида хизмат кўрсатиш шаҳобчаларини ташкиллаш бўйича гапирдилар.

Кун тартибида кўрилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Айтиш мумкинки, сессия тарихий бўлди. Чунки сессияда Президент Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот оммавий коммуникациялар агентлиги бошқарма бошлиғи Г.Ҳатамова, вилоят АОКБ бошлиғи Б.Омонзода, ЎзА, вилоят, “Руҳсор” телевидениелари вакиллари, блогерлар иштирок этишди.

Қолаверса, сессияда таъкидланганидек, Ёзёвон ҳаммамизники. Шундай экан унинг истиқболи учун нафақат раҳбар, балки барчамиз масъул бўлишимиз даркор.

ЁЗЁВОН ТУМАНИ ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ