Шарқ мавахўри дунёда кенг тарқалган ҳашарот. Шарқ мевахўрининг ватани Хитой ва Корея давлатлари ҳисобланади. Шарқ мевахўри зараркунанда сифатида биринчи марта 1899 йилда Японияда, 1913 йилда эса Америкада аниқланган бўлиб, 1959 йилда Жанубий Австралия, кейинроқ Бразилияга тарқалди. 1970 йилларга келиб Ўрта ер денгизи атрофларига ҳам тарқалиб улгурди.
Европанинг Австрия, Болгария, Венгрия, Греция, Германия, Италия, Испания, Польша, Руминия, Словения, Франция, Швейцария, Чехия, Югославия давлатларида кенг тарқалган.
1980 йилга келиб Ўзбекистон ҳудудида ҳам шарқ мевахўри тарқалганлиги маълум бўлди. Бугунги кунда Шарқ мевахўри Ўзбекистоннинг Андижон, Наманган, Самарқанд, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида тарқалган.
Морфологик белгилари. Капалаги: Умумий ранги кулранг-қўнғир. Олдинги қанотининг олд қисмида етти жуфт “Қўштирноқсимон” оқ доғлари бор. Шундан тўрттаси қанот қиррасида аниқ кўриниб туради. Қанотининг ташқи бурчакларида етти дона қора доғи бор. Орқа қанотлари кенг кулранг-қўнғир ва бронзасимон – бахмалсимон қопламга эга.
Мўйлови ипсимон бўлиб олд қаноти узунлигининг ярмини ташкил қилади, ингичка ва билинар – билинмас оқ туклари бор.
Лаб қисми оч-қўнғир, қорин қисми, тук-сарғиш қўнғир, Қорин қисмининг пасти эса ипаксимон оқ рангда оёқлари қорамтир рангда, сарғиш оқ калта туклар билан қопланган. Қанотларини ёзганда 12-14 мм катталикда. Урғочи капалак эркагига нисбатан каттароқ бўлади.
Тухуми: Овалсимон, чўзинчоқ, ярим тиниқ оқ ялтироқсимон, етилиши давомида қизгиш тусга киради, хиралашиб қолади, шундан сўнг 15-48 соат ичида тухумдан личинкалар чиқа бошлайди, личинкани бош қисми қора рангда, узунлиги 0,4-0,5 мм, эни 0,15 мм катталикда бўлади.
Личинкаси: Тухумдан чиққан личинкалар сутсимон оқ рангда, бош қисми қора рангда, кўкрак қисми тўк рангда ва аналь қисмида туки бўлади. Катта ёшдаги личинкалари кизғиш-кулранг тусда бўлади. Катта ёшдаги личинканинг танасидаги туклар қўнғир-кулранг тусда бўлиб, олхўри қуртидан фарқ қилади, олхўри қуртида танасидаги туклар калтароқ бўлади.
Нафас олиш йуллари тўқ ҳошиядор тери қопламидан иборат, олхўри қуртлари эса нафас йуллари қисқа ва кўпроқ оч рангдаги тери қопламидан иборат. Бош қисми сариқ жигарранг, кўз атрофида ва лунж қисмида қора доғлари бор.
Личинканинг танаси тўлиқ майда кутикулали тиканак туклардан иборат елка қисмидаги мушакларнинг туташган қисмида ушбу тиканак туклар бўлмайди. Олдинги кўкрак қафаси сарғиш-қўнғир рангда. Орқа чиқарув органи сегментлари оч сарғиш қўнғир рангда, қора доғлари бор.
Орқа чиқарув органи сегментлари аналь чиқарув органи тепасидан 4-7 тишли тароққа ўхшаш аналь тароқлари мавжуд. Шарқ мевахўрини олхўри қуртидан фарқ қиладиган жихатларидан яна бир фарқи 2-кўкрак сегментининг битта умумий сегментида 9 та қалқон жойлашган, олхўри қуртида эса алохида жойлашган личинканинг узунлиги 12 мм бўлади.
Ғумбаги: Қорин қисмининг елка томонида икки қатор жигарранг чизиқлари бор. Кўзлари қора, мураккаб тузилган. Қорин қисмининг охирида 10-18 та, турли катталикдаги тикканлари бор. Ён томонида орқа ва жинсий чиқарув тешикларидан баландироқда 1-2 та туклари мавжуд. Ғумбак узунлиги 6 мм дан иборат.
Пилласи: Овалсимон пишиқ ва атроф муҳит рангидан кам фарқ қилади. Ёзги пиллаларни меваларда, дарахт таналарида, кўчатларда ва бошқа жойларда учратиш мумкин, Пилла узунлиги 12,5 мм бўлади.
Биологик хусусияти. Шарқ мевахўрининг личинкалари пишиқ ипак-пилла ичида дарахтлар танасида, пўстлоқлар орасида тупроқдан 5-50 см баландликда қишлайди баъзан тупроқдаги ўсимлик қолдиқлари орасида баъзи чириган мевалар ичида ҳам қишлаб чиқади. Баҳорда (шафтоли ва ўрик гуллаган даврда) шарқ мевахўрининг личинкаси ғумбакланади. Ҳаво харорати ўртача 15 0С бўлганда капалаклар уча бошлайди. Бир неча кундан кейин урғочи зот тухум қўйишга киришади. Ҳар бир зот бир нечтадан 100 тагача тухум қўйиши мумкин. 7-12 кундан кейин (баҳорда) тухумдан қурт чиқиб, новданинг ўсиш нуқтасига кемириб киради ва ўзагидан пастга қараб 6-11 см ли йўлак очади. Қаттиқ қисмга келгач кемириб ташқарига чиқади ва бошқа новдага (ёки мевага) киришга ҳаракат қилади.
Новданинг зарарланган қисми сўлиб қурийди, у «чеканка» қилингандек шохлаб кетади. Шарқ мвахўрининг қуртлари новдалардан ташқари олма қурти сингари дарахт меваларини ҳам шикастлаши мумкин. Бунда данакли мевалар ичида (9-14 кун) уруғлик мевалар ичидан кўра (16-24 кун) камроқ вақт бўлади. Озиқланишни тугатгач ташқарига чиқиб турли панароқ жой топади ва зич пилла ясаб ичида ғумбакка айланади. 8-17 кундан кейин янги авлод капалаклари пайдо бўлади. Шарқ мевахўрининг бир авлоднинг ривожланиши учун турли иқлим-шароитда 24 кундан 65 кунгача вақт талаб этилади. Ўзбекистон шароитида (Фарғона вилояти) шарқ мевахўри 3 тадан 5 тагача авлод бериши мумкин.
Зарари. Шафтоли кўчатларини зарарлаш давомида, кўчат танаси ичида 12-15 см узунликда йул очади, натижада кўчат учки томонидан сўлиб қолади, барглар тушиб кетади, ўсимлик ўсиши секинлашади ва букилиб қолади.
Олма ва нокнинг ёш кўчатларида личинка 1-2 см гача кириб боради. Зарарланган қисмлар қораяди ва қурийди. Зарарланган кўчат қисмларида чиқаришда ва елимли томчиларни учратиш мумкин. Битта личинка 4-5 та кўчатни зарарлаши мумкин.
Меваларда эса мева бандлари атрофи ва бандлар орқали кейинги меваларга ҳам ўтиб зарар келтиради.
Данакли меваларни йиғиб олгандан сўнг, личинкалар уруғли мевалиларга ўтади ва яна кўчатларни зарарлай бошлайди.
Кураш чоралари. Агротехник кураш усуллари.
1. Дарахтнинг қуриган шохлариини кесиб ташлаш зарарланган новдаларни олиб ташлаш, дарахтнинг эски пўстлоқларини тозалаш, дарахт қолдиқлари ва тушган баргларни ёқиб юбориш.
2. Дарахт танасига тутқич белбоғлар боғлаш.
3. Дарахтлар қатор орасини, танаси атрофларини ағдариш.
4. Мевалар қадоқланган бостирмалар атрофи, иморатлар ва унинг ҳудудларини тозалаш, чиқиндиларни ёқиб юбориш.
Кимёвий кураш усуллари.
1. Шарқ мевахўри зарарлаган дарахтлар тавсия этилган кимёвий воситалар билан қайта ишланади.
2. Кўчатлар ёки ўсаётган эртаги дарахтлар 3-4 марта кимёвий ишланади.
3. Шафтолининг кечки навлари, қўшимча равишда яна 18-20 кун оралиғида икки марта ишланади.
4. Уруғли экинлар кўчатлари: беҳи, олма, нок, кимёвий воситалар билан икки марта дориланади.
5. Олхўридаги шарқ мевахўрига қарши кимёвий кураш олхўри қуртига қарши кураш билан бир вақтда амалга оширилади.
Мевали боғларни шарқ мевахўрига қарши кимёвий воситалар билан ишлашдан 2-3 кун олдин аҳоли огоҳлантирилади ва улар асалари уяларини томорқадаги сабзавот, полиз ва бошқа экинларини заҳарли кимёвий воситалардан ҳимоя қилиш чораларини кўришлари лозим. Кимёвий воситалар билан ишлов бериш, ҳосил йиғиштириб олинишига камида 30 кун қолганда тўхтатилиши лозим.
Карантин тадбирлар. Шарқ мевахўри аниқланган ҳудудларда ўсимликлар карантини давлат хизмати томонидан карантин эълон қилинади ва зараркунандани бошқа ҳудудларга тарқалмаслиги ва уни йўқотиш бўйича чора-тадбирлар белгиланади.
А.АБДАЗИЗОВ,
Ў.ҲАЙИТОВ,
О.РУСТАМОВ,
С.РАҲМОНОВ,
О.МАМАЖОНОВ,
Фарғона вилояти Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси агроном инспекторлари.