Давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов ташаббуси билан 1982 йил 25 августда «Целинник» (ҳозирги Янгибўстон) дон-чорвачиликка ихтисослаштирилган хўжалик ташкил топганди. Ўша йиллари янги хўжаликда ишлаш учун вилоятимизнинг турли туманларидан оила вакиллари кўчиб келишиб, янги солинган уйларда муқим қолдилар. Орадан 37 йил ўтди. Дастлаб «Целинник», ҳозирда Янгибўстон номини олган маҳаллада 126 та хонадон бор. Уларда 776 нафар аҳоли истиқомат қилмоқда.
Туманимизнинг чўл ҳудуди саналган Янгибўстондаги ўзгаришлардан бохабар бўлиш мақсадида, у ерда бўлдик. Ярқ этиб кўзга ташланган маҳалла тароватини Тошкент-Ўш халқаро йўли бўйидаёқ сездик.
Маҳалла йиғини раиси Абдуқаҳҳор Ҳакимов бу ерда амалга оширилган ободончилик ишлари билан таништирди:
—Аввало, вилоят “Сувоқава” корхонаси ишчиларига катта раҳмат! Улар маҳалламиз аҳлига ободонлаштиришда кўмаклашишди.
Аҳолимизнинг тирикчилиги деҳқончилигу чорвачиликдан. Томорқадан унумли фойдаланишга ҳаракат қилишади. Кам таoминланган оила томорқалари бепул шудгор қилинди. Уларга туман ҳокимлиги томонидан мевали кўчат ва картошка уруғи берилди. Ҳозирда томорқаларида кўчатлар кўкариб, экилган картошкалар ер бетини олди.
Маҳаллада миришкорлар кўп. Давлатдан имтиёзли кредит олиш учун 12та ариза олинди. Муқимий, Бобур, Улуғбек, Мустақиллик, Алишер Навоий, Навбаҳор кўчаларида бўлсангиз, фуқароларимизнинг тиним билмай ишлашаётганига гувоҳ бўласиз.
Раис билан маҳалладаги 33-мактаб директори Муқаддасхон Эргашева хонадонига бордик. У биринчилардан бўлиб, ташкил қилган иссиқхонасини кўрсатди. 35 туп лимон кўчати орасига помидор ниҳоллари қадалган. Очиқ майдонда саримсоқпиёз бўй чўзиб ётибди.” Турмуш ўртоғим, ўғлим Муроджон туфайли томорқамиз яшнаяпти”, –дейди биз билан суҳбатда, у.
Муқимий кўчасининг 6-уйида яшовчи Сайдулло Султонов суяги меҳнатда қотганлардан. У фермерлик қилган йиллари чўл шароитида пахта ва ғалладан мўл ҳосил олди. Давлатдан қарз бўлмади. Хонадонига назар солсак, кафтдек ҳовлисининг бўш жойи йўқ. Мевали дарахтга тўла боғ яратилган. Рўпарасидаги ерда бу йил 2та иссиқхона қилиш нияти борлигини айтди.
“Эргаш ота” деҳқон хўжалигида ҳам иш қизғин. 60 сотихли токзорда ер чопаётган хўжалик бошлиғи Фозилжон Қўчқоров шўр ерда деҳқончилик қилишнинг машаққатини сўзлади:
–Шўр кучлилиги туфайли мевага кирган токларни уч йил аввал тагидан кесишга мажбур бўлдим. Ҳозир ёш новдалар ривожланишда. Ток тагига картошка, саримсоқпиёз экдим. Кузда буғдой сепилганди, мана бўйи чўзилиб қолди. Шўрни йўқотиш учун бу йил беда экмоқчиман.
Ҳакимжон Маматсақов “Сардорбек-М” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари. У 96 гектар ерда пахта, ғалла, боғдорчилик, балиқчилик билан шуғулланади. Ўғли Отабек ҳам тадбиркорликка астойдил бел боғлади. Қаровсиз қолган собиқ МТП техника саройини 2018 йил иккинчи чорагида 20 та ишчи ўрни яратиш мажбурияти билан нолp қийматида олганди.
–Мақсадим, ишчи ўрни яратиш, —дея гап бошлади, Отабек. –Бу ерда автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шахобчаси, пайпоқ ишлаб чиқариш цехи, буханка пиширишни йўлга қўймоқчимиз.
Алишер Навоий кўчасида яшовчи Бувайшахон Давронованинг ўғли Шуҳратжон янги қилган иссиқхонасида шоналаган помидор, гуллаб мевага кирган бодрингини кўрсатди. Солижон Деҳқонов ҳовлисидаги иссиқхонада ҳам помидор, бодринг кўчатлари ривожи авжида. Мукаррамхон Сулаймонова ҳамшираликдан пенсияга чиққан. Иссиқхонасида лимон кўчатлари мевага кирган. Бултурги йили дастлабки ҳосилни қўни-қўшниларга, нуронийларга илинди. Ҳовлисида ҳам мевали дарахтлар, ерида экинлар экилган.
Яна шу кўчада яшовчи Алихон Тожибоевнинг хонадони кираверишдан тортиб, ичкарисида ҳам боғга айлантирилган. Кўриб ҳавасингиз келади. “Ташқаридаги мевали дарахтлардан йўловчилар баҳраманд бўлса, савоби эгасига тегади”, деди Алихон ака.
Кам таoминланган Муяссархон Мирзаева, Қумрихон Мадалиева, Ўктамхон Қурбонова хонадонларида ҳам бўлганимизда, томорқаларига картошка экилиб, мевали кўчатлар ўтқазилганини кўрдик.
Янгибўстонда Наврўз байрами 33-мактабда маҳалла аҳли устозлар билан ҳамкорликда нишонлашди. Шу куни қўй сўйилиб, кам таъминланган оилалар, ногиронлар ва кекса отахон-онахонлар ҳолидан хабар олинди. Яна бир эoтиборли жиҳати, маҳаллада ёшларни спортга бўлган қизиқишлари ҳисобга олиниб, болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун ажратилган спорт майдони аввалги ҳолатига келтирилмоқда.
Хуллас, Янгибўстонда иш ҳам, гап ҳам кўп. Буни бу ерга келиб-кетганларгина яхши билади.
Бахтиёр ЖОЛЧУЕВ.