- Жамият, Турфа олам   1 132

ЁЗЁВОН ХОНАДОНЛАРИДА УЗУМ ЕТИШТИРИШ

Олимлар мезовий эрасининг пастки бўр даврига оид тош қолдиғида токсимон ўсимлик чўкиндисини топганлар. Демак, 70 млн йил аввал ҳам ток бўлган. Токнинг узуми мазали ва тўйимли, занги ҳаётчан, ер танламайдиган, кўпайтириш осон бўлганидан тез оммалашган.

Узумнинг тиббиётда ҳам ўрни беқиёс. Масалан, хом меваси канд касаллигига даво, чирмашадиган чангаги қон босимини туширади. Энди пишган меваси барча дармондори(витамин)ларнинг коктейли бўлиб, таркибида С, А ҳамда 1-ва 2-В каби витаминлар, минерал тузлар, фосфор, калий, магний, олтингугурт, хлор, рух, мис, кремний, марганец, темир, йод ва бошқа моддалар бор. Узум инсон терисини соғлом тутиб, қариш жараёнини секинлаштирувчи полифенолларга бой бўлиб, охиргиси ток баргида сероб. Нега одамлар кексайганда ток парваришига астойдил бўлиб қолишади, тушундингизми?

Ёшим 70га яқинлашди. Ёзёвонга 1978 йилда келган бўлсам, ўшандан буён ток парваришлайман. Ток сувсизликка чидамли. Шунинг учун ҳам Олтиариқда сув муаммоси бошлангач, бодирингдан токка оммавий ўтилган.

Ток шоирлар,азиз-авлиёлар қадрлаган ўсимлик. Ҳазрат Мир Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб”да ёзади: “Унинг боғи жаннатни эслатади, руҳ озиғи кўринади. Меваларнинг ҳар бири кўк осмонидек улкан, гул-мевалар фалакдаги юлдуз ва юлдузчалардек. Фақирларнинг сирка ва шинниси, боёнларнинг газаги ва аъло шароби шу мевалардан.” Марғилон, Сармозор, Эшонгузар, кейинчалик Олтиариқ ҳудудларида анъанавий узумчиликнинг оммалашишини одатда кўпчилик Сармозор эшон бува номлари билан боғлаб келишади. Бунга “Сармозор зиёратгоҳи” китобини ёзганимда гувоҳ бўлганман.

Энди Ёзёвонга қайтсак. Ҳовлимда асосан бозор учун эмас, истеъмол учун ток экиб келаман. Эртанги, ўртанги ва кечки чилиги (булар қора рангли), окиш-қизил шакарангур навли эртанги чилиги бор. Рости, кечки чилиги ширин навлар пиша бошлаганда етилади, шунинг учун уни кесиб, тагига Наманганни Чустидан олиб келган узумни уладим. Ўтган йили мева кўрсатиб, бу йил қийғос мевага кирди. Номи эсимдан чиқди, бироқ боши салмоқли, сермева нав экан. Уни яна бир шериги бор, у ҳам бу йил яхши мевага кирди.

 Ҳозир “чарос” ва “Анжон қора” навлар қоп-қорайиб қолди. Бироқ, чарос кеч пишиб, қишга яхши сақланади. Донаси ва боши катта-катта. Бир неча йилдан буён ортганини бозорга бериб юборяпмиз. Ҳовлимда қизил узумнинг тўрт нави бор. Эртароқ пишадигани сермева, боши катта бўлиб, пўсти юпқа, банди нозик. Қизил узумлардан яна бири пўсти қалин, бу йил мевага кирди. Яна бир “эчкиэмар” ҳамда “Хоразм тоифиси” деган қизил навимиз янаги йил, насиб қилса, мевага киради. Яна иккита қора узум бор. Булар “Мерседес” ҳамда “Изобелла” деган навлар. Биринчисини Ёзёвонда яхши билишади, иккинчиси беш марта мева тугиб, уч марта пиширишга улгуради. Винно-мурабболи нав. Ризамат ота ҳам етиштирган. Буни Р. Мусамуҳаммадовнинг рус тилидаги 1953 йилда чиққан китобидан ўқидим. Катталиги ўртача қўл ҳажмида бўлиб, дастурхонга жуда чиройли туради. Нордон бўлганидан, кўпчилик ҳушламайди. Баргини тузулиши ҳам, ранги ҳам бўлакча. Ўзидан қулупнайникига ўхшаш ҳушбўй хид тарқатади. Узоқ йили шинни қилганмиз. Уч марта пишириш учун кўп ўтин кетар экан. Айтмоқчи, қора кишмиш ҳам бор.

Энди анъанавий навларга ўтсак. Оқ узумнинг бир неча нави бор. Булар “ҳусайни”, “келинбармоқ”, “кетмонсопи” кабилар бўлиб, ҳусайнини ҳам катта-кичиклиги, пишиш муддати турлича бўлган навлари бор. Каттақўрғон узуми салмоқли, юмалоқ бўлади. Узоқ сақланади. “Ризамат ота” деган навни ҳам экиб кўрдим, эплолмадим. Кўп дори сочиш керак экан.

Кўпайтиришни анъанавий бўлмаган бир туридан кўпроқ фойдаланаман. Яхши мева бераётган, яхши пишган 5-6 метрлик ток новдасини олиб, яхшилаб айлантириб (яъни ўраб) ўра кавлаб, уч пиндик юқорида қолдириб, гўнгга тупроқ аралаштириб экаман. Узоғи билан икки йилда мевага киради. Сизот сувлари яқинлигидан Ёзёвонда токлар новда ҳайдайди. Қора токларни учини устига қайириб ташлаб, оқ-қизилларини эса чилпиш керак.

Ток жуда гўнгхўр ўсимлик. Қанча кўп эвини қилиб гўнг солсангиз, шунча сермаҳсул бўлади. Касалликка кам чалинади. Кузда ҳамда мевага кирганида, меъёрида минерал ўғитлар ҳам бериш керак.

Оқ ва қизил узумларни тепасини очиброқ хомток қилинади. Қора узумларни “порошют” усулида тепасини очмасдан, мева томони бутунлай очиб ташланади. Токларимни тўрт томони ҳаво айланиши учун очиқ туради. Қушларга қарши балиқ тўрининг арзонидан фойдаланаман. Ҳар ёмғирдан кейин, имкони бўлса ҳар ҳафта ёки ўн кунда зараркунанда ва касалликларга қарши дори сочиш муҳим.

Бахтимга ён қўшним Умаржон Исмоилов олдин журналистикада, энди токчиликда устозлик қилмоқда. Унга олтиариқлик устозлари ўргатган. Ҳар соҳада бўлгани каби токчиликда ҳам устоз бўлмаса, ярамайди.

Бир сўз билан айтганда, деярли йил ўн икки ой уйимиздан узум аримайди. Худога шукр, шунга яраша оиламизда касалланиш ҳам эвида.

Алишер ТОШҚУЛОВ.