- Қарор ва ижро   1 095

ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 24 августь куни ПФ-6044-сонли фармон имзоланди. Унга кўра тадбиркорларни бир неча йиллардан буён қийнаб келаётган бир қатор муаммоларнинг ечими аниқ кўрсатиб ўтилган.

Сўнгги йилларда республикада ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, эскирган, замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомилларни такомиллаштириш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мазкур йўналишларда олиб борилган ишлар лицензиялаш ва рухсат бериш тизимини либераллаштириш ҳамда институционал ислоҳ қилишнинг янги босқичини бошлаш учун мустаҳкам асос яратди.

Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш ҳамда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш орқали тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун янада кенг шарт-шароитларни яратиш мақсадида:

1. Адлия вазирлиги, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Савдо-саноат палатасининг қуйидагиларни назарда тутувчи таклифларига розилик берилсин:

биринчи босқичда (2020 йил давомида) — фуқаролар соғлиғига ва жамиятга зиён етказмайдиган лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг айрим турларини қисқартириш ва тартибга солишнинг муқобил усулларига ўтказиш, тадбиркорлик субъектларидан ортиқча ҳужжат талаб қилмаслик ва уларнинг вақт ҳамда маблағлари сарфланишини камайтириш учун тартиб-таомилларни соддалаштириш, тегишли ҳужжатларни бериш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш орқали шаффофликни таъминлаш;

иккинчи босқичда (2020-2021 йиллар давомида) — лицензиялаш ва рухсат бериш соҳасидаги қонун ҳужжатларини тизимлаштириш, давлат хизматлари кўрсатишнинг паспортларини ишлаб чиқиш, айрим турдаги лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар беришнинг намунавий маъмурий регламентларини жорий қилган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сонини тубдан қисқартириш.

Фармонга асосан, 2021 йил 1 январдан бошлаб:

  • 37 та лицензия ва 10 та рухсатнома бекор қилинади;
  • 17 та лицензия ва 14 та рухсатнома хабардор қилиш тартиби жорий этилиши йўли билан бекор қилинади;
  • 16 та лицензия ва 11 та рухсатнома бирлаштириш йўли билан бекор қилинади;

Фармонга кўра, хабардор қилиш тартиби жорий этилган фаолият (ҳаракат) учун расмийлаштирилган лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг амал қилиши ўз кучида қолади ва ушбу фаолият (ҳаракат)ни амалга ошириш учун ваколатли органни хабардор қилиш талаб этилмайди.

Шунингдек, 2021 йил 1 январдан бошлаб:

а) туризм фаолиятини лицензиялашда туроператорлар хизматларини сертификатлаш ихтиёрий этиб белгиланади;

б) қуйидагилар бекор қилинади:

  • кредит бюролари фаолиятини лицензиялашда камида 10 та тижорат банки билан кредит алмашинувини амалга оширишга розилигини тасдиқловчи ҳужжат мавжудлиги талаби;
  • дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш фаолиятини лицензиялашда ушбу фаолият учун лицензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан уларнинг худди шундай фаолият билан шуғулланувчи филиаллари ташкил этилганда ҳар бир филиал манзилини асосий лицензияда кўрсатиш амалиётини жорий қилиш орқали филиалларга алоҳида лицензия расмийлаштириш амалиёти;
  • ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензия олишда талабгордан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг кафолат хатларини олишни талаб қилиш тартиби.

Шунингдек, 2020 йилда муддати тугайдиган барча лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг амал қилиш муддати 2021 йил 1 январга қадар узайтирилди. Уларнинг муддати ўтгани муносабати билан жавобгарликка тортиш ва бошқа чоралар қўлланилиши тақиқланди.

С.МАҚСУДОВ,

Ёзёвон тумани молия бўлими Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш шўъбаси мудири.