- Туман янгиликлари, Қарор ва ижро   1 230

ГУЛИСТОНДАГИ САМИМИЙ УЧРАШУВ

2-сектор раҳбари, туман прокурори, адлия маслаҳатчиси И.Ходжаев Гулистон МФЙ ҳудудидаги 8-мактабда туманнинг тегишли ташкилот мутасаддилари иштирокида, ўқувчи-ёшлар, мактаб ходимлари ҳамда аҳоли вакиллари билан билан учрашиб, самимий суҳбат қурди.

Учрашув аввалида сектор раҳбари мактабнинг янги ўқув йилига, куз-қиш мавсумига тайёргарлиги, коронавирус пандемияси даврида маскан карантин қоидаларига қай даражада тайёргарлигини кўздан кечириб, камчиликларни айтиб, бартараф этилишида мактаб масъулларига топшириқлар берди.

Самимий тарзда ўтган мулоқотда, И.Ходжаев йиғилганлардан қандай муаммо ва камчиликлар бўлса, тортинмасдан айтишларини сўради. “Мен бу ерга сизларни эшитгани ва камчиликларни бартараф этиш учун келдим”, деди сектор раҳбари.

8-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Нилуфар Алижонова дутор чалишга қизиқишини, келажакда мусиқа йўналишида олий таълимга ўқишга киришини, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ва ёшларга берилаётган имкониятлардан мамнунлигини айтиб юртбошимизга миннатдорчилигини айтди.

Абдуғаффор Исмоилов ва Маъруфжон суюлтирилган газ баллони, Сарвиноз Қосимова мактаб ўқитувчилари ва ўқувчиларини гриппга қарши эмлаш масаласи ҳамда мактаб ҳудудига яқин ерда коттеж қурилиши, Шоирахон Азимова ҳудудда боғча йўқлиги муаммоларини ўртага ташлашди.

Сектор раҳбари муаммоларни ва айтилган таклифларни ўрганиб чиқиб, ҳал этилишини маълум қилди. Мутасадди идора вакилларига шу ернинг ўзида топшириқ бериб, бажарилишини назоратга олди.

Жойларда учрашувлар давом этмоқда.

ЁЗЁВОН ТУМАНИ ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ