Бу йил туманимиздаги 5 нафар устоз учун унутилмас байрам йили бўлиб қолди. Чунки улар учун қўшалоқ байрам бўлди. Сабаби, Президентимиз томонидан бир нафари «Дўстлик» ордени ва 4 нафари эса Халқ таълими вазирлигининг «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишонлари билан тақдирландилар. Албатта, бундай эътирофга лойиқ топилиш учун меҳнат, билим ва фидойилик талаб қилинади. Шундай инсонлардан бири 36-ИДУМнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси, олий тоифали педагог Гулнорахон Бўроновадир. 16 йилдан буён ўқувчиларга билим ва тарбия бериб келмоқда. Бу йил ўқувчиси Насибахон Эргашалиева “Она тили – миллат ғурури” мавзусида ўтказилган иншолар танловида туманда ва вилоят босқичларида фахрли 1- ўринни эгаллади. Шу танловда яна бир ўқувчиси Ҳожиакбар Убайдуллаев ҳам фахрли ўринни эгаллаган. Гулнорахон ўз устида доимо изланишда. Бунинг исботи сифатида айтиш мумкинки, “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси ” танловида вилоят босқичида 2 марта қатнашган. Иккисида ҳам фахрли 2-ўринни эгаллаган. Бундан ташқари, мактабда бошланғич хотин- қизлар раиси сифатида фаолият олиб боради.
Билим олишдан чарчамайдиган устознинг илмий мақолалари республика журналларида чоп этилган. Кўплаб очиқ дарслари туман ва вилоят миқёсида оммалашган. Хуллас, бу устознинг ютуқларини кўплаб мисоллар билан айтишимиз мумкин.
Бугунги кунда Президентимиз томонидан устозларга юксак даражада эътибор қаратилмоқда. Мана шундай эътибор ва эътирофга сазовор бўлган устоз – Гулнорахон Бўроновага меҳнатлари учун “Халқ таълими аoлочиси ” кўкрак нишони берилди. Бунинг барчасига меҳнати, билими, изланувчанлиги билан эришди. Келажакда туманимиздаги кўплаб устозларга бундай мукофотлар насиб қилсин.